2022 йил 1 майдан бошлаб ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат бюджетидан Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига йўналтириладиган маблағлар ҳисобидан грантлар учун жами 10 млрд сўм ажратилади. Бу президент Шавкат Мирзиёев 15 январь куни имзолаган «Туризм, маданият, маданий мерос ва спорт соҳаларини янада ривожлантириш учун қўшимча шароитлар яратиш тўғрисида»ги фармонда акс этган.

Ҳужжатга кўра, ҳар бир ташаббускорга 50 млн сўм миқдорида грантлар қуйидаги мақсадлар учун берилади:

  • онлайн тўловларни қабул қилувчи замонавий веб-сайт яратишга, хорижий мамлакатлардаги туризм кўргазма ва ярмаркаларида иштирок этишга йўналтирилади;
  • грант маблағлари белгиланган тартибда хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга уч йил давомида камида 200 нафар хорижий туристлар учун тур ташкил қилиш шарти билан берилади.

Фармон билан бош вазир ўринбосари — туризм ва спорт вазири Азиз Абдухакимов 1 мартга қадар ёш тадбиркорларга грант ажратиш тартибини тасдиқлаш топриғи берилди.

Шунингдек, молия вазири Тимур Ишметовга 2022 йил 1 февралдан 2023 йил 1 январга қадар Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ҳар ойда 2,5 млрд (жами 27,5 млрд) сўм миқдоридаги қўшимча трансфертлар Давлат бюджетидан ажратилишини таъминлаш юклатилган.