Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Андижонда кесилган дарахтлар акс этган ҳолат бўйича қўшимча тафсилотларни маълум қилди.

15 январь куни Андижон ободонлаштириш бошқармаси томонидан вилоят перинатал маркази ҳудудидан 12 туп Элдор қарағайлари кесиб кетилгани аниқланганди. Вилоят ҳокимлиги Шуҳрат Абдураҳмонов дарахтларни кесишга буйруқ бергани ҳақидаги хабарларни рад этганди.

Экоқўмита дарахтлар мамлакатимизда амалдаги мораторий ҳамда «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун талабларини бузган ҳолда кесилганини маълум қилди. Бу турдаги дарахтлар «жуда чиройли манзарали дарахт» сифатида давлат ўрмон фондига киритилмаган қимматбаҳо дарахт ва бута навлари рўйхатига киритилган.

Дарахтларни кесиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органи билан келишилмаган, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг хулосаси ва рухсати олинмаган.

Фото: Экология қўмитаси

«Мазкур қурилиш объекти Давлат инвестиция дастурига киритилган бўлиб, ташкилот раҳбарияти томонидан унинг ҳудудидаги дарахтларни кесишга рухсатнома олиш учун Давлат хизматлари марказига мурожаат қилинган. Лекин ушбу мурожаат натижасини кутмасдан [ташкилот] қонунга зид равишда ўзбошимчалик билан тунда ушбу мудҳиш ҳуқуқбузарлик ҳолати содир этилган», — дейилади хабарда.

Кесилган дарахтларнинг диаметр ўлчамлари 12 см дан 40 см гача бўлган. Қўмита дарахтларни қонунга хилоф равишда кесиш натижасида ўсимлик дунёсига кўп миқдорда зарар етказилганлигини қайд этди.

Мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича ҳужжатлар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилади, дейилади хабарда.