17−18 январь кунлари Ўзбекистонда беқарор об-ҳаво сақланиб туради, деб хабар бермоқда Ўзгидромет. Бу Эрон ҳудудларидан иссиқ ва жуда нам ҳаво массалари кириб келиши билан боғлиқ.

Ўзгидромет хабарига кўра, республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлиши мумкин, шимолда ёмғир қорга айланади.

Ҳаво ҳарорати кечаси +3…+8 даража, кундузи +5…+10 даражагача, баъзи жойларда ҳаво очиқ бўлганда +12 даражагача етиб бориши мумкин. Шимолда кечаси −3…−8 даража, кундузи −3…+2 даража атрофида бўлади.

Шунингдек, республика бўйича 19 январь куни эрталабга ёмғир жадаллиги пасая бошлаши айтилмоқда.

Лекин кундуз куни совуқ фронт ўтишида айрим ҳудудларда ёмғир қорга айланиши мумкин. Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида кечаси ва эрталаб баъзи жойларда бироз қор ёғиши кузатилади. Республика бўйича ҳаво ҳарорати кечаси −3…+2 даражагача, кундузи +5…+8 даражага бўлади.

20 январь, пайшанба куни Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кечаси −3…+2 даража, кундузи +7…+10 даражали қуруқ ва бироз булутли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда.

21 январь, жума куни Ўзбекистон ҳудудига Каспий денгизидан бироз нам ва нисбатан совуқ ҳаво массаси кириб келади. Республика бўйича баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин, шимолда бироз ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати 0…+5 даража, баъзи жойларда -2 даражагача, кундузи +5…+10 даража бўлади.

Республика бўйича баъзи жойларга туман тушиши мумкин. Қолаверса, 18−19 январда республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 17−22 м/с гача кучайиши кутилмоқда.

Ушбу саналарда республиканинг тоғли ҳудудларида ёғингарчилик (ёмғир, қор), вақти-вақти билан кучли бўлади. 18−19 январда қор кўчиши хавфи бор.