2022 йил 1 январдан 2023 йил 1 январга қадар туризм фаолияти субъектлари ва авиаташувчиларнинг хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга чартер рейсларини ташкил қилиш бўйича туристик фаолияти субъектлари ва авиаташувчиларнинг харажатларини қоплаш бўйича давлат бюджетидан ажратилган компенсация миқдори камайтирилди. Бу президент Шавкат Мирзиёев 15 январь куни имзолаган «Туризм, маданият, маданий мерос ва спорт соҳаларини янада ривожлантириш учун қўшимча шароитлар яратиш тўғрисида»ги фармонда акс этган.

Эндиликда компенсация миқдори ҳар бир хорижий турист учун, у Ўзбекистон ҳудудида камида беш кеча тунаб қолган тақдирда — 10 АҚШ доллари, қиш мавсумида (20 ноябрдан 20 февралгача) эса — 25 АҚШ доллари миқдорида этиб белгиланмоқда.

Компенсация 2020 йилнинг 1 январидан жорий этилганди. Ўшанда унинг миқдори бир турист учун 20 долларни (қишки мавсумда — 50 долларни) ташкил этганди. Бу Давлат бюджети ва туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси ҳузуридаги Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш бюджетдан ташқари жамғармаси (эндиликда Туризм ва спорт ишлари вазирлиги ҳузуридаги Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси) ҳисобидан тенг улушларда тўлаб келинган.

Фармонда шунингдек, президентнинг 2021 йид 25 августдаги қарори билан Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг асосий молиявий манбаи ҳисобланган туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш 2021 йил 1 сентябрдан тўхтатилганлиги қайд этилган.