Ижтимоий тармоқларда Нуробод тумани 41-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Сардор Саттаров унга «Бир миллион ўзбек дастурчилари» танловида диплом ҳамда ишлатилган (эски) ноутбук совға қилинганлиги тўғрисида видеомурожаат билан чиққан эди.

Унда ўқувчи танловнинг туман ҳамда вилоят босқичида «Full-Stask веб-дастурчи» йўналиши бўйича биринчи ўринни эгаллаганини айтган. «Менга дипломга адашиб, учинчи ўрин деб ёзиб қўйибмиз, дейишди. Кейин эса биринчи ўрин совғаси ноутбук совға қилишди. Уйга бориб очиб қараганимда у эски экан. Орқасига 2 мактаб Абдумурадова деб ёзиб қўйган, жуда ҳам эски. Ундаги телеграм иловасидан билиб олдим, Жўрақулов Шерзод деган ўқитувчига тегишли экан», — дея сўзлаб берган Сардор Саттаров.

Халқ таълими вазирлиги 41-мактаб ўқувчисининг «Бир миллион дастурчи» танловида фойдаланилган ноутбук берилгани тўғрисидаги видеомурожаати ишчи гуруҳ томонидан ўрганилаётганини маълум қилди.

Нуробод тумани ҳокимлиги бунга муносабат билдириб, танловнинг туман босқичи 6 январь куни Нуробод туманидаги умумтаълим мактабларининг 7−11-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилганини маълум қилди. Мусобақада 41-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси С.Саттаров фахрли биринчи ўринни олганини келтирган.

Унга туман ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи ҳамда «Realme C11» русумли телефон берилган.

Танловнинг вилоят босқичи. Фото: Самарқанд вилояти ХТБ.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармасининг хабарига кўра, танловнинг вилоят босқичи натижаларига кўра, «Full-Stask веб-дастурчи» йўналишида совринли ўринларни бошқа ўқувчилар қўлга киритган:

1-ўрин — Одилов Ойбек Улуғбек ўғли (Самарқанд шаҳар 42-мактаб);
2-ўрин — Нажмиддинов Сардор Акромжон ўғли (Нарпай тумани 45-мактаб);
3-ўрин — Суннатов Шохрух (Қўшработ тумани 81-мактаб) вакилларига насиб этган.