«Билдирсой оромгоҳи» дам олиш маскани канат йўли билан бирга оммавий савдолар якунига кўра, «Ulkan Mulk» МЧЖ эгалигига ўтди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар берди.

Компания 107 млрд сўмни бир йўла тўлаш шарти билан савдо ғолибига айланган. Шунингдек, харидорга дарахт ва буталарнинг кесилишига жорий этилган мораторий талабларига риоя қилиш мажбурияти юклатилган.

«Билдирсой оромгоҳи» умумий ер майдони 46 гектардан ортиқроқни ташкил этади. Бино ва иншоотлар майдони 9628 кв.метрдан иборат. Мажмуа ҳудудида 78 ўринга мўлжалланган уч қаватли меҳмонхона, ҳар бири 4/6 ўринли 16 та коттеж, ёзги ҳовуз, ёпиқ ҳовуз, иккита теннис корти, багминтон майдончаси, мини футбол ва бильярд хонаси жойлашган.

Мажмуа ўтган йилнинг баҳорида давлат мулклари хусусийлаштирилиши ортидан савдога чиқарилган эди.

КТЯДРга мувофиқ, Ulkan Mulk 2021 йилнинг 28 апрелидан рўйхатдан ўтказилган. Асосий фаолият тури — нотурар биноларни бошқариш ва ижарага беришдан иборат. Компания асосчиси ва раҳбари Бехзод Бахтиярович Иноғомов ҳисобланади.

У шунингдек, ARC-Assets (100%, бошқа товаларга ихтисослашмаган дўконларда чакана савдо), Backstein Industry (45%, оловга чидамли маҳсулотларни ишлаб чиқариш), Buldovo (100%, ихтисослашмаган улгуржи савдо), Traffic (50%, автомобиль транспортида юк ташиш) ва Wertvoll Advisroy (0,5%, бошқа тоифаларга киритилмаган ахборот хизмати фаолияти) компанияларида улушга эга.

Бунга қадар, Дубайнинг Quadro IH DMCC компанияси «Пойтахт» бизнес марказини сотиб олиш бўйича танловда ғолиб бўлгани, Premium Prime Service компанияси эса Тошкентдаги «Малика» савдо мажмуасини қўлга киритгани ҳақида ёзгандик.