Тошкент шаҳридаги «Малика» савдо мажмуаси оммавий савдо жараёнлари якунларига кўра, Premium Prime Service компаниясига сотилди, деб хабар бермоқда Давлат активларини бошқариш агентлиги.

Келишув нархи 125 млрд сўмга баҳоланган. Инвестор шунингдек, таъмирлаш-тиклаш ишларига 100 млрд сўм сармоя киритиш ва 250 та янги иш ўрни яратиш мажбуриятини олган.

«Малика» мажмуаси (эски фабриканинг номланиши) пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманидаги 4,14 гектар майдонда жойлашган. Бино ва иншоотлар майдони эса 48,9 минг кв. метрни, қурилиш майдони эса — 13,8 минг кв. метрни ташкил этади. Мажмуа ҳудудида бомбалардан ҳимояланиш учун махсус бошпана ҳам мавжуд. Ҳозирги кунда мажмуа маиший техникалар ва электроника савдоси бўйича асосий бозорга айланган.

Мажмуа ўтган йилнинг баҳорида давлат мулклари хусусийлаштирилиши ортидан савдога чиқарилган эди.

КТЯДРга кўра, Premium Prime Service 2017 йилнинг 12 январь куни рўйхатдан ўтказилган. Асосий фаолият тури — нотурар жойлар бошқаруви ва ижараси ҳисобланади. Таъсисчилари қаторида Unitrade Co. (65%) ва Наргиза Абдурауфовна Абидова (35%) кўрсатилган, раҳбари эса — Улуғбек Рустамович Алимов.

Ўз навбатида Unitrade Co. компаниясига Азиза Хасановна Хасанова (100%) эгалик қилади. Корхона шунингдек, Ideal Naturproduct (100%), Fargo Marketing Group (50%) ва Omad Sug‘urta (43,9%) компанияларда ҳам таъсисчи сифатида кўрсатилган. Азиза Хасанова Akfa-Dream компаниясида ҳам (2,8%) улушга эга.

Наргиза Абидова Epsilon Invest (100%, қуруқлик транспорти йўналишида хизматлар) ва Sportivka (100%, пластикни бирламчи шаклларда ишлаб чиқариш) компанияларига эгалик қилади.

Иқтисодий ривожланиш вазирлиги 2021 йилнинг январь-ноябрь ойларида 619 та давлат активи 4,5 трлн сўмга сотилгани ҳақида хабар берганди. Йил якунига қадар яна 300 та давлат мулкини 1,6 трлн сўмга сотиш режа қилинганди.