Самарқанд вилоятида «Бир миллион ўзбек дастурчилари» танловининг туман босқичи ғолибига ишлатилган ноутбук берилгани туфайли Нуробод туман ҳокимининг ўринбосарига ҳайфсан жазоси қўлланилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Нуробод тумани матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган АКТ бўйича танловда ғолиб бўлган ёшларни тақдирлашда масъулиятсизликка йўл қўйганлиги учун Нуробод тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Наврўзбек Жалалиддиновга нисбатан Меҳнат кодексининг 181-моддаси 1-бандига (интизомий жазолар) асосан «ҳайфсан» интизомий жазо чораси қўлланилган.

Аввалроқ, 8-синф ўқувчиси Сардор Сатторов мазкур танловда биринчи ўринни олгани учун ишлатилган ноутбук берилганини айтиб, видеомурожаат йўллагани ҳақида ёзгандик. Бунга қадар, Нуробод туман ҳокимлиги муносабатида ўқувчи туман босқичида биринчи ўринни олгани учун телефон билан тақдирлагани қайд этилганди. Мазкур воқеа юзасидан ХТВ ҳам ҳолатни ўрганишни бошлаганини маълум қилганди.