Дубайнинг Quadro IH DMCC компанияси Тошкент шаҳрида жойлашган «Пойтахт» бизнес марказини хусусийлаштириш бўйича ўтказилган танловда ғолибликни қўлга киритди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар берди.

Мулк Юнусобод туманининг Шароф Рашидов кўчасида, Мустақиллик майдони яқинида жойлашган.

Компания 164 млрд сўм харид қийматини бир йўла тўлаш таклифи билан савдоларда ютиб чиққан. Quadro IH DMCC ўзига таъмирлаш-тиклаш ишлари учун 6 млн доллардан кам бўлмаган миқдорда инвестиция киритиш мажбуриятини ҳам олган.

Фото: Давактив.

«Пойтахт» марказига қарашли умумий ер майдони 0,4 гектарни, бино ва иншоотлар майдони эса — 34,6 минг кв. метрни ташкил қилади. Бино 14 қаватдан ва ер тўладан иборат (10−11 қаватлар меҳмонхона жойлашган).

Мажмуа ўтган йилнинг баҳорида давлат мулклари хусусийлаштирилиши ортидан савдога чиқарилган эди.

Quadro IH DMCC июнь ойида «Ичан қалъа» меҳмонхонасини 74,2 млрд сўмга сотиб олганди.

Quadro IH DMCC компанияси БААдаги Quadro Capital Partners таркибига киради. У Россия ва бошқа МДҲ мамлакатларида ўсиш ва инқирозга қарши бошқарув инвестицияларига ихтисослашган тўғридан-тўғри сармоя жамғармаларини бошқарувчи компания ҳисобланади. У 2009 йилда Troika Dialog инвестициявий компанияси ваикллари томонидан ташкил этилган.

Quadro Capital Partners турли йилларда Россиянинг йирик лойиҳаларига, жумладан, Fix Price дўконлар тармоғи, «Монетка» супермаркетлар тармоғи, MX GROUP автомобиль эҳтиёт қисмлари, FX CLUB ва бошқаларга сармоя киритган.