«Тўпаланг» сув омборидан 361 километрлик сув қувурлари ётқизилади

1,7 миллион сурхондарёликни ичимлик суви билан таъминлаш учун «Тўпаланг» сув омборидан магистрал қувур ётқизиш лойиҳаси амалга оширилади. Лойиҳа қиймати 138 млн долларга баҳоланмоқда, қувурлар узунлиги — 361 км.

Ўзбекистон ипотека бозоридаги вазият қандай?

Марказий банк 2021 йилнинг биринчи ярмида ипотека бозоридаги вазият юзасидан изоҳ берди. Унга кўра, охирги йилда ипотека кредитлари бўйича қолдиқлар 25,2 фоизга — 30,8 трлн сўмга қадар ошди, муаммоли ипотека кредитлари қолдиқлари ҳам 4 баробардан кўпроққа ўсиб, 480 млрд сўмга етди. Ҳар олтинчи квартира ипотека асосида сотиб олинмоқда. Иккиламчи бозорда ипотека кредитлари кескин кўпайди.

Эндиликда болалар омбудсмани Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ўринбосари бўлмайди

Президент фармони билан бола ҳуқуқлари бўйича вакили (болалар омбудсмани) институти таъсис этилди ва Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ўринбосари лавозими тугатилди.

Ғиждувон ва Гулистон туманларига ҳокимлар тайинланди

Шерзод Aшуров Ғиждувон тумани, Сайдимқул Бегимқулов Гулистон тумани ҳокими лавозимига тайинланди.

186 доза хитой-ўзбек вакцинасини сотишга уринганлар ушланди

Тошкент шаҳрида ZF-UZ VAC2001 вакцинасининг 186 дозасини 27 млн 750 минг сўмга сотишга уринган аёл киши қўлга олинди. У препаратларни Яккасарой туманидаги оилавий поликлиникалардан бирининг катта ҳамширасидан олган.

Абдулазиз Камилов коронавирусга қарши тўлиқ эмланган

Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Абдулазиз Камилов COVID-19 га қарши тўлиқ эмланган. Вазир айнан қайси вакцинани олганлиги маълум қилинмади.

Зойир Мирзаев ҳам ўзбек-хитой, ҳам «Спутник V» вакцинаси билан эмлангани маълум бўлди

Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев хитой-ўзбек вакцинасининг иккита дозаси билан эмланган. Кейинроқ вилоят раҳбари «Спутник V» вакцинасини ҳам қабул қилганлиги маълум бўлди. Бунга унда антитаначалар кўтарилмаганлиги сабаб қилиб кўрсатилган. Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир неча хил вакцина билан эмланишда ножўя таъсирлар хавфи борлиги ҳақида огоҳлантириб, фуқаролардан «ўз ҳаётини хавф остига қўймасликларини» сўраган эди.

Йўлларга сарфланаётган маблағлар устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш таклиф этилмоқда

Адлия вазирлиги автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш борасидаги барча маълумотлар жойлаштириладиган очиқ платформани ишга туширишни таклиф қилди. Унинг ёрдамида йўл инфратузилмасига йўналтирилган маблағларнинг сарфланишини назорат қилиш ва йўллардаги носозликлар ҳақида хабар бериш мумкин бўлади.

«Стрит-арт шаҳар муҳитига ўзгача тароват берувчи воситага айланмоқда» — сенат раиси

Олий Мажлис сенати раиси Танзила Нарбаева Токио-2020 олимпия ўйинларидаги спортчиларга бағишланган мурраларни қўллаб қувватлади. «Санъатни қўллаб-қувватлаш зарур. Стрит-арт ва паблик-арт каби замонавий йўналишлари ижодкор ёшларимиз қўлида шаҳар муҳитига ўзгача тароват берувчи воситага айланиб бормоқда», — деди у.

Хива ва Пайариқ туманларига ҳокимлар тайинланди

Ҳурмат Матрасулов Хоразм вилоятининг Хива туманига, Зафат Эргашев Самарқанд вилоятининг Пайариқ тумани ҳокими лавозимига тайинланди.

Усмонхон Алимов ҳануз Москвада даволанаётгани маълум қилинди

Муфтий Усмонхон Алимов ўпка пневмонияси ва қон-томир касалликларидан даво муолажаларини ҳануз Москвада олаётгани маълум қилинди. «Айни кунларда ҳазратнинг ҳолатлари барқарор», — дейилади хабарда.

Тошкентда хизмат кўрсатиш соҳасида 415 мингдан ортиқ иш ўринларини очиш режалаштирилмоқда

Тошкентда хизмат кўрсатиш соҳасида 415 мингдан ортиқ иш ўринларини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу янги тадбиркорлик субъектлари ва туну кун ишлайдиган савдо-кўнгилочар кўчалар ташкил этиш, ўзини ўзи банд қилиш, биринчи қават ва ертўлаларни ижарага бериш орқали амалга оширилади.

«Айрим идора ва вазирликлар ҳали ҳам Антикоррупция агентлигини тан олгиси келмайди» — Акмал Бурхонов

Антикоррупция агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов агентлик ўз фаолиятини тўлақонли амалга оширишда дуч келаётган тўсиқлар ҳақида фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, агентликнинг хатига вақтида жавоб бермаслик ёки коррупцион омил ҳақидаги тақдимномага «бошқача муносабатда» бўлиш ҳолатлари учрайди. «Тақдимномамизга адекват реакция билдирилмаса, жавобгарликка тортиш бўйича таклиф киритганмиз… Лекин айрим идора ва вазирликлар ҳали ҳам агентликни тан олгиси келмайди», — дейди у.

Энергетика вазири Алишер Султонов коронавирусга қарши икки маротаба тўлиқ эмланган

Энергетика вазири Алишер Султонов декабрь ва май ойлари оралиғида икки маротаба коронавирусга қарши вакцинациянинг тўлиқ курсини тугатган. Вазир айнан қайси препарат билан эмлангани маълум қилинмади.

Радар жойи учун кураш: нарх бошланғич баҳосидан қарийб 100 баробарга ошиб кетди

Тошкент марказидаги радар ўрнатиш жойи электрон аукционда бошланғич баҳосидан 95 баробар қимматга — қарийб 3,5 млрд сўмга сотилди.

«Газета.uz»да чиққан мақолалар:

Фрэнсис Фукуяма Ўзбекистон ва мамлакатлар қандай қилиб фаровонликка эришиши ҳақида

Стэнфорд университети профессори Фрэнсис Фукуяма «Hoshimov Iqtisodiyoti» лойиҳасининг меҳмони бўлиб, Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши, Марказий Осиё давлатлари тараққиётига нима тўсиқ бўлиши, иқтисодий ўсиш ва демократия ўртасидаги боғлиқлик, тараққиёт учун зарур омиллар ҳақида фикр билдирди. «Газета.uz» ушбу суҳбатдан айрим қисмларини тақдим этади.