10 август куни Daryo нашри Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаевни коронавирусга қарши хитой-ўзбек ZF-UZ-VAC-2001 вакцинаси билан эмлангани ҳақида маълум қилди.

Шу куни «Халқ сўзи»нинг Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Равшан Тулаковга таяниб ёзишича, баҳорда ҳақиқатда Зойир Мирзаев ZF-UZ-VAC-2001 вакцинасини қабул қилган. Орадан маълум муддат ўтиб, у «Спутник V» вакцинаси билан эмланган.

Қайд этилишича, иккинчи номдаги вакцинани ҳам олиш мумкинми, деган саволга, Равшан Тулаков, «орадан бир мунча муддат ўтгач, қабул қилишга тиббиёт рухсат этади», деб жавоб берган.

Ҳолат юзасидан қўшимча маълумот олиш учун Daryo мухбири Қашқадарё вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Аҳрор Содиқов билан боғланган.

Аҳрор Содиқовнинг маълум қилишича, вилоят раҳбари ўзбек-хитой вакцинаси билан икки маротаба эмланган бўлса-да, антитаначалар кўтарилмагани боис бошқа вакцина, «Спутник V» вакцинасини ҳам қабул қилган.

Унинг аниқлик киритишича, Зойир Мирзаев ўзбек-хитой вакцинаси билан апрель ойида, «Спутник V» вакцинаси билан эса яқинда эмланган.

Аввалроқ, Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Эъзозбек Ризаев бугун фанга бир вакцинани бошқаси билан қўшиб эмлаш нима оқибатга олиб келиши тўғрисида маълумот йўқлигини айтган эди.

«Шунинг учун ўзбошимчалик билан қарор қабул қилишга ҳаққимиз ҳам йўқ. Бир неча хил вакцина билан эмланиш натижасида ножўя таъсирлар кўриниши хавфи бор. Шу сабабли юртдошларимиздан ўз ҳаётини хавф остига қўймасликларини сўраб қоламиз», деган эди у.

Коронавирусга қарши штаб аъзоси кимдир бошқа вакцина билан эмланишни истаса, «бир вакцинанинг тўлиқ дозаларини қабул қилганидан 6 ой ўтгач, бошқа истаган вакцина билан бир марта эмланиш орқали аввал шаклланган антитаначалар миқдорини сақлаб туриши мумкин», — дея таъкидлаган эди.

Маълумот учун, ўзбек-хитой вакцинасида эмлаш амалга оширилган бўлса, бу 3 босқичда бўлади. Ўзбекистонга келтирилган бошқа барча вакциналар 2 босқичда амалга оширилади.

«Бу вакциналар билан эмлашнинг ҳар бир босқичида алоҳида илмий текширувлар ўтказилган. Босқичлар кетма-кетлиги сақлансагина тўлиқ эмланиш амалга оширилган, деб хулоса қилинади», — деган эди Эъзозбек Ризаев.