Президент Шавкат Мирзиёев 11 август куни Тошкент шаҳрида хизматлар соҳасида янги иш ўринлари ташкил этишга доир лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Жорий йилнинг июнь-декабрь ойларида хизматлар соҳасида 415 мингта иш ўрни яратиш мўлжалланган. Ушбу кўрсаткичга қуйидагиларни амалга ошириш орқали эришиш кўзда тутилмоқда:

  • Банк мижозларида қўшимча иш ўринларини очиш — 171 722;
  • туну кун ишлайдиган савдо-кўнгилочар кўчалар ташкил этиш — 147 365;
  • ўзини ўзи банд қилишни рағбатлантириш — 50 минг;
  • биринчи қават ва ертўлаларни ижарага бериш — 7780 ва 2000;
  • янги юридик шахсларни очиш — 27 806;
  • янги ЯТТлар очиш — 8354.

Жумладан, июнь-июль ойларида 24 минг киши ўзини ўзи банд қилган, янги тадбиркорлик субъектларида 17 минг фуқаро ишли бўлган.

Мавжуд 587 подвалдан 468 таси ижара учун ажратилган бўлиб, 1 август ҳолатига кўра, уларнинг 348 тасида лойиҳалар ишга туширилган. Шу туфайли 1140 та янги иш ўрни яратиш ва хизматлар ҳажмини 3,5 миллиард сўмга ошириш мумкин бўлди.

Президент бу тажрибани мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам татбиқ этиш бўйича топшириқ берди. Қонунчиликка ўзгартириш киритиб, хизмат кўрсатувчиларга молиявий енгилликлар бериш орқали улар фаолиятини расмийлаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Апрель ойи охирида Шавкат Мирзиёев хизматлар соҳаси учун банклар томонидан жорий йилда камида 18 трлн сўм кредитлар йўналтирилишини маълум қилган эди. Бундан ташқари, давлат томонидан тижорат банклари орқали қўшимча 300 млн доллар, шундан 1 июлгача 150 млн доллар ажратилади.

28 та шаҳар ва аҳолиси 150 мингдан кўп 110 та туман марказида савдо ва хизматлар учун махсус кўчалар ташкил этиш режалаштирилмоқда. «Одамларга ҳалақит бермайдиган қилиб, куну-тун (24 соат) ишлашига рухсат бериш керак», — деган эди давлат раҳбари.

Апрелда хизмат кўрсатиш соҳасида 27 нафар мансабдор шахс фаолиятида камчиликларга йўл қўйгани учун лавозимидан озод қилинди, 54 нафарига интизомий чора кўрилди. Президентнинг сўзларига кўра, айрим раҳбарларнинг масъулиятсизлиги оқибатида ҳалигача кўрсатилаётган хизматлар ҳажми, объектлар сони ва ҳудудлар салоҳиятини аниқ баҳолаш имконияти мавжуд эмас.