2021 йил 6 ойида Ўзбекистон ипотека бозорида кредит кўрсаткичлари ипотека кредитларига бўлган юқори талаб ҳамда бирламчи бозордаги уй-жойлар таклифи ўртасидаги номутаносиблик таъсирида шаклланди, дейилади Марказий банк ҳисоботида.

1 июль ҳолатига ипотека кредитлари қолдиғи 30,8 трлн сўмни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 25,2 фоизга (6,2 трлн. сўмга) ўсган бўлса, мазкур даврда ажратилган ипотека кредитлари эса 28,1 фоизга камайиб, 3,5 трлн. сўмни ташкил этди.

Мазкур камайиш тенденциясига асосий омиллар сифатида ипотека бозорида рақобат муҳитини янада ривожлантириш учун жорий этилган қуйидаги:

  • 2020 йилги мақсадли давлат дастурларидан бошлаб «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК иштирокида бир қаватли арзон уй-жойлар қурилишининг тўхталиши;
  • «Ўзшаҳар қурилиш инвест» ИК иштирокида шаҳарларда кўп квартирали арзон уй-жойларнинг қурилишини молиялаштириш потенциал қарз олувчилар маблағлари ҳамда қонунчиликда таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилишига қаратилган тартибларни келтириб ўтишимиз мумкин.

Мазкур тартибларнинг жорий этилиши марказлашган маблағлар ҳисобидан уй-жой қурилиши учун ресурс маблағларини ажратишдан воз кечиб, келгусида аҳолига ипотека кредитлари бериш учун тижорат банкларини узоқ муддатли ресурс маблағлари билан таъминлашга қаратилган.

6 ойда «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК ҳамда «Ўзшаҳар қурилиш инвест» ИК томонидан қурилган уйларни сотиб олиш учун ажратилган ипотека кредитларининг жами ажратилган ипотека кредитларидаги улуши 19,8 фоизни (698,2 млрд сўм) ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 48,8 фоизга (2,66 трлн сўмга) камайди.

Шу билан бирга, мазкур даврда аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг бозор тамойилларига асосланган янги тартиби доирасида ажратилган ипотека кредитларининг улуши 6,7 фоиздан (328 млрд сўмдан) 47,9 фоизга (1,68 трлн сўмга) ошди.

Бундан ташқари, иккиламчи уй-жой бозорида ипотека кредитларини ажратиш ҳажми 10 баробардан кўпроққа ошди. 2020 йил I ярим йиллигида иккиламчи бозордан уй-жой сотиб олиш учун ажратилган ипотека кредитларининг жами ажратилган ипотека кредитларидаги улуши 1,3 фоизни (63 млрд. сўм) ташкил этган бўлса, жорий йил I ярим йиллигида ушбу кўрсаткич 18,6 фоизгача (656 млрд. сўмга) ўсиб, муҳим таркибий ўзгаришлар кузатилди.

Ипотека кредитлари қолдиғининг 157,6 млрд сўми (жами ипотека кредити қолдиғининг 0,5 фоизи) 7 йил, 2,33 трлн сўми (7,6 фоизи) 10 йил, 9,66 трлн сўми (31,4 фоизи) 15 йил, 18,64 трлн сўми (60,5 фоизи) 20 йилгача ажратилган ипотека кредитлари ҳиссасига тўғри келади.

2017 — 2021 йиллар давомида ипотека кредитлари қолдиғи 3,6 баробарга (22,3 трлн сўмга) ипотека шартномалари сони эса қарийб 2,2 баробарга (134,5 минг донага) ошган.

I ярим йиллик якуни бўйича жисмоний шахсларга ажратилган жами кредитлар қолдиғи (61,8 трлн сўм) таркибида ипотека кредитларининг улуши 49,8 фоизни, 2020 йилнинг тенг даврида мазкур кўрсаткич мос равишда 47,4 трлн сўм ва 51,9 фоизни (24,6 трлн сўм) ташкил этган.

Марказий банк мазкур тенденцияни биринчи навбатда мамлакатда ишбилармонлик муҳитининг янада яхшиланиши ҳамда пандемия таъсирида жорий этилган карантин чораларининг юмшатилиши натижасида ишлаб чиқариш мақсадлари учун кредитларга бўлган талабнинг ипотека кредитларига нисбатан кўпроқ ўсиши билан боғлади.

Ҳар олтинчи квартира — ипотека асосида

Айни вақтда ҳар олтинчи квартира ипотекага сотиб олинмоқда. 2021 йил 6 ойида ипотека кредитлари орқали расмийлаштирилган уй-жойларнинг (25 321 та) жами кўчмас мулк олди — сотди шартномаларидаги (163,4 мингта) улуши 15,5 фоизни, ўтган йилнинг мос даврида мазкур кўрсаткич 22,9 фоизни (32 422 та) ташкил этиб, 7,4 фоизга камайган. Сирдарё, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларида эса ҳар тўртинчи квартира кредит ҳисобидан сотиб олинган.

Ҳудудлар кесимида кўчмас мулк олди-сотдиси таҳлил қилинганда уларнинг энг юқори улуши Тошкент шаҳри (29 фоиз), Тошкент (12 фоиз), Фарғона (9 фоиз), Самарқанд (7 фоиз) вилоятларида шаклланган бўлса, нисбатан паст кўрсаткичлар Сирдарё (2 фоиз), Жиззах (2 фоиз), Хоразм (4 фоиз) ҳамда Навоий (4 фоиз) вилоятларида кузатилди.

2021 йил I ярим йиллигида ажратилган ипотека кредитларининг 61 фоизи 5 та ҳудудлар ҳиссасига тўғри келиб, бунда 28,2 фоизи (994,3 млрд сўм) Тошкент шаҳри, 9,3 фоизи (328,2 млрд сўм) Фарғона вилояти, 8,4 фоизи (294,3 млрд сўм) Андижон вилояти ҳамда 7,8 фоизи (276,5 млрд сўм) Самарқанд вилояти ҳамда 7,1 фоизи (248,7 млрд сўм) Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи фуқароларга ажратилган.

Ипотека кредитларининг 24 фоизи (847,9 млрд. сўм) 18−30 ёшгача, 70 фоизи (2468,5 млрд. сўм) 31−50 ёшгача, 6 фоизи (206,4 млрд. сўм) эса 50 ёшдан юқори фуқароларга ажратилган.

Ипотека кредитлари портфели сифатининг ёмонлашуви

6 ой натижаларига кўра, жами ажратилган ипотека кредитлари бўйича 90 кундан ортиқ вақт давомида қайтарилмаётган кредит қарздорлиги миқдори (муаммоли кредитлар) 480,0 млрд. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 364,2 млрд. сўмга, жорий йил бошига нисбатан эса 186,8 млрд. сўмга кўпайган.

2021 йил 1 июль ҳолатига ипотека кредитлари қолдиғи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25 фоизга ўсган бўлса, муаммоли кредитлари миқдори эса 8 фоизга ошган.

Марказий банк мазкур ҳолатни пандемия туфайли аҳоли тўлов қобилиятининг пасайиши ҳамда кредитларни қайтариш бўйича берилган енгилликлар билан изоҳлади.

Муаммоли кредитлар миқдорининг жами кредит қолдиғига нисбати 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 2,9 фоиздан 5,6 фоизга ошган бўлса, ушбу кўрсаткич ипотека кредитлари бўйича 0,5 фоиздан 1,6 фоизгача ошган.

Таҳлиллар муаммоли кредитлар миқдорининг (NPL) нисбатан юқори кўрсаткичлари Қорақалпоғистон Республикасида 3,3 фоизни (66,1 млрдсўм), Жиззахда 3,3 фоизни (50,6 млрд), Сурхондарёда 3,1 фоизни (66,9 млрд сўм), Андижонда 2,6 фоизни (50,4 млрд сўм) ва Сирдарёда 2,4 фоизни (26,4 млрд сўм) ташкил этаётганлигини кўрсатди.

Тижорат банклари кесимида, муаммоли кредит қолдиғининг жами ипотека кредити қолдиғидаги улуши Миллий банкда 3,8 фоизга (135,5 млрд. сўм), Асакабанкда 2,0 фоизга (79,9 млрд. сўм), Микрокредитбанкда 1,6 фоизга (4,2 млрд. сўм) ҳамда Халқ банкида 1,5 фоизга (25,6 млрд. сўм) тенглиги кузатилди.