E-AUKSION платформасида Тошкентнинг Миробод туманидаги Ҳамид Олимжон ва Абдулла Қодирий кўчалари чорраҳасида стационар радар ўрнатиш жойи сотуви бўйича онлайн-аукцион якунига етди. Spot.uz эътибор қаратган савдолар июль охирида бошланган эди.

Мазкур участкада транспорт оқими 32 минг автомобилга тенг деб баҳоланмоқда.

36,7 млн сўм бўлган бошланғич нарх аукцион якунлари бўйича 95 баробарга ўсди. Tech Age хорижий корхонаси энг юқори нарх — 3 млрд 496 млн 762,5 минг сўмни таклиф қилди. 64-BIT компанияси эса 3 млрд 494 млн 925 минг сўм таклиф қилиб, иккинчи бўлди.

Spot нашрининг қайд этишича, 2021 йил баҳоридан буён тадбиркорлар йўл ҳаракат қоидалари бузилишини фото ва видео қайд этиш учун йўл камералари ва радарларни ўрнатиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Жойлар аукцион орқали қўлга киритилади — ғолиб ўрнатиш жойини кейинчалик бошқа тадбиркорларга сотиш ҳуқуқи билан чекланмаган муддатга сотиб олади.

2021−2022 йилларда мамлакатда тадбиркорларни жалб қилиш орқали 3356 та видеокамера ва 763 та радар ўрнатиш кўзда тутилган.

Ҳозирда аукционга барча ҳудудлардан 340 дан ортиқ лот жойлаштирилган.