Президент Шавкат Мирзиёев 9 август куни «Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги» фармонни имзолади.

Ҳужжат билан Олий Мажлиснинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили (болалар омбудсмани) институти таъсис этилди ва Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими тугатилди.

Болалар омбудсмани ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари, уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда амалга оширади, ўз фаолиятида Олий Мажлис палаталарига ҳисобдордир. Болалар омбудсмани Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан беш йил муддатга сайланади. Болалар омбудсмани лавозимига номзод парламент кўриб чиқиши учун президент томонидан киритилади.

Фармонга кўра, вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) идоралараро комиссиялари тегишлича Болалар масалалари бўйича миллий ва ҳудудий комиссиялар этиб қайта ташкил қилинади.

Миллий комиссиянинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, унинг соғлом турмуш тарзини таъминлаш;
  • уларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топишига кўмаклашиш,
  • ота-она қарамоғидан маҳрум бўлишининг олдини олиш чораларини кўриш,
  • болалар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида давлат дастурлари ва бошқа дастурлар ишлаб чиқиш вазифалари ва бошқалар.

2021 йил 1 сентябрдан:

  • Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибияти таркибида болаларни ҳимоя қилиш масалалари шўъбаси;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибияти;
  • туман (шаҳар) ҳокимликларида болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари ташкил қилинади.