Novda Group компанияси иллюстраторлари Токио-2020 олимпиадаси совриндорларига бағишланган суратларни тақдим этди. Ҳозирда мазкур иллюстрацияларни кўп қаватли уйларнинг деворларига тушириш таклиф этилмоқда.

Ушбу ташаббусни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева қўллаб-қувватлади. Унинг таъкидлашича, ўтган йилдаги пандемия даврида шифокорларга бағишланган Сергели туманида ёш рассом Хасан Майчеев томонидан яратилган мурал кўпчиликка манзур келган.

«Тиббиёт ходимларига санъат орқали эҳтиром кўрсатиш ташаббуси барчага маъқул келди ва ўзбек тасвирий санъатида янги жанр ривожланишига ҳам туртки бўлди», — деган эди у.

Сенат раиси ташаббускор рассом-иллюстраторларнинг кўп қаватли уйларнинг деворларида спортчиларнинг Токио-2020 олимпиадасидаги чиқишларига бағишланган муралларни яратиш ва уларнинг спортдаги ютуқларини тарихга муҳрлаш таклифи қувонтирганини таъкидлади.

«Шахсан мен ушбу ташаббус ғоясини қўллаб -қувватлайман. Унинг амалга ошиши Ватанимиз шарафини юксалтираётган спортчиларимизга чуқур эҳтиромимиз белгисидир», — деди у.

«Санъатни қўллаб-қувватлаш зарур. Аслида тарих санъатда ўз аксини топади. Санъатнинг стрит-арт ва паблик-арт каби замонавий йўналишлари ижодкор ёшларимиз қўлида шаҳар муҳитига ўзгача тароват берувчи воситага айланиб бормоқда», — дейди сенат раиси.

Таклиф этилаётган мураллар