6 июль куни фуқаро М.М. ИИВ ЖҚББ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, «Зебо» исмли шахс Telegram орқали давлат томонидан бепул эмлаш учун берилган «Covid-19»га қарши вакцинасини сотаётганлиги ҳақида эълон берганлигини ҳамда ушбу шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мазкур аризага асосан, 8 июль куни ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан Тошкент шаҳар, Учтепа тумани, Лутфий кўчасида жойлашган «Гурман» кафеси рўпарасида тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбир жараёнида фуқаро А.З. фуқаро М.Я.га 186 дона ZF-UZ VAC2001 вакцинасини 27 млн 750 минг сўмга (ҳар бир дозаси учун 150 минг сўмдан) сотишини келишиб, ушбу пуллар ҳисобидан 1400 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақт ашёвий далиллар билан ушланган.

Ўтказилган суриштирув даврида, А.З. ушбу вакциналарни Тошкент шаҳар Яккасарой туманида жойлашган оилавий поликлиникалардан бирида катта ҳамшира бўлиб ишловчи Б.С.дан олганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Яккасарой тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан А.З. ҳамда Б.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 186−3-моддаси 2-қисми «б» банди (Дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.