Президент Шавкат Мирзиёев 11 август куни Сурхондарё вилоятида ичимлик суви таъминотини яхшилаш ҳамда Тошкент шаҳрида хизматлар соҳасида янги иш ўринлари ташкил этишга доир лойиҳалар тақдимоти билан танишди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Бугунги кунда Сурхондарё вилояти аҳолисининг 46 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланмаган. 218 та сув иншооти ва 3 минг километрдан зиёд тармоқлар таъмирга муҳтож. Вилоятнинг жанубий туманлари ва Термиз шаҳрида сув минерализацияси миқдори ошган.

Шу боис президент 2 июнь куни Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида «Тўпаланг» сув омборидан ичимлик суви тармоғи тортиш бўйича кўрсатма берган эди. Шунга мувофиқ, дастлабки лойиҳа ишлаб чиқилди.

Абдуғани Сангинов президент Шавкат Мирзиёевга лойиҳани тақдим этмоқда. Фото: «Ўзбекистон 24».

«Ўзбекгидроэнерго» бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов тақдим этган лойиҳага кўра, «Тўпаланг» сув омборининг қуйи қисмида босимни сўндириш, сувни тозалаш ва тарқатиш иншоотлари қурилади. У ердан туманлардаги сув тақсимлаш узелларигача жами 361 километр қувур тортилади. Бу тизим самарасида Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Ангор, Музработ, Термиз туманлари ва Термиз шаҳридаги 1,7 млн аҳолининг сув таъминоти яхшиланади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 138 миллион доллар бўлиши ҳисоб-китоб қилинган. Уни 2024 йилда ишга тушириш режалаштирилмоқда. Дастлаб 400 километрлик магистрал тармоқ ётқизилиши ва халқаро молия институтларидан 150 млн доллар жалб этилиши ҳақида хабар берилган эди.

Давлат раҳбари лойиҳани маъқуллаб, уни босқичма-босқич амалга ошириш бўйича кўрсатма берди. Қурилиш ишларини «Обод қишлоқ» дастури билан уйғунлаштириш, сув таъминоти бўйича давлат-хусусий шерикликни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Ҳидоятов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида лойиҳа бир неча босқичда амалга оширилиши, сув туманларга қувурлар ётқизилиши билан етказиб берилишини маълум қилди.

«Тўпаланг» сув омборини қуриш ишлари 1960-йиллар охирида бошланган бўлиб, қарийб 20 йил давом этди. Сув омборининг сиғими 380 млн куб метрдан 500 млн куб метрга етказилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 мартдаги қарори (№164) билан сув омбори «Ўзбекгидроэнерго» таркибига ўтказилган.