Адлия вазирлиги автомобиль йўллари соҳасида молиявий шаффофликни таъминлашга қаратилган Ўзбекистон президенти қарори лойиҳасини тайёрлади. У муҳокама учун regulation.gov.uz порталига жойлаштирилди, дея хабар қилди вазирлик матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Ҳужжат билан аҳоли учун очиқ бўлган Shaffof yo’l онлайн-платформаси ва унинг мобил иловасини ишга тушириш режалаштирилган.

Платформага йўл қурилиши бўйича давлат ва маҳаллий аҳамиятга молик барча дастурлар жойлаштирилади.

«Қурилиши ва таъмирланиши режалаштирилган йўлларнинг барчаси онлайн-харитада яққол кўриниб туради, яъни таъмирланаётган йўллар қандайдир „4К66“ каби тушунарсиз рақамлар билан эмас, балки шаҳар ва кўча номигача ушбу платформадан ва мобил телефондан кўриб туриш мумкин бўлади», — дейилади Адлия вазирлиги хабарида.

Шу хаританинг ўзида қурилиши ёки таъмирлашни амалга ошираётган ташкилот, сарфланаётган маблағ, бажарилган ишларнинг аҳволини бевосита кузатиб бориш имкони пайдо бўлади

Йўл жамғармаларининг барча тушумлари реал вақт режимида Платформада «онлайн-ҳисоблагич»да кўриниб туради.

«Масалан, автомобилингизни рўйхатдан ўтказганда йўл жамғармасига тўланган маблағ қаерга кетганлигини шу заҳоти билиб олса бўлади», — дея қайд этди Адлия вазирлиги.

Платформадан фойдаланган фуқаро бузилган йўллар акс этган фото ва видеохабарлар, шунингдек, йўлларда вужудга келган тезкор техник муаммолар ва йўл ҳаракатига тўсқинлик қилаётган омиллар ҳақидаги маълумотларни қолдиришлари мумкин.

Адлия вазирлиги жамоатчиликни ҳужжат лойиҳаси муҳокамасида фаол иштирок этишга чақирди.