Иқтисодчи Бекзод Ҳошимовнинг «Hoshimov Iqtisodiyoti» лойиҳасида навбатдаги меҳмон Стэнфорд университетининг (АҚШ) сиёсий фанлар кафедраси профессори Фрэнсис Фукуяма бўлди.

Фрэнсис Фукуяма Стэнфорддаги Фриман Спогли номидаги Халқаро тадқиқотлар институтининг катта илмий ходими, шунингдек, ушбу институтда Демократия, тараққиёт ва қонун устуворлиги марказининг директори сифатида фаолият олиб боради. Унинг энг машҳур китобларидан бири 1992 йилда ёзилган «Тарих интиҳоси ва сўнгги одам» илмий асари ҳисобланади.

Фукуяма Бекзод Ҳошимовнинг иқтисодий ўсиш ва демократик институтлар, инсон капитали ва маданиятнинг тараққиётдаги ўрни, пандемияда даврида давлатлар қўллаган чоралар ҳақидаги саволларига жавоб берди. «Газета.uz» ушбу суҳбатдан айрим қисмларини тақдим қилади.

Тараққиёт олдидаги тўсиқлар ҳақида

Суҳбат бошида Фрэнсис Фукуяма Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши яхши суръатда эканлигини таъкидлаб, лекин унинг барқарор эмаслигини қайд этди.

«Ўзбекистон иқтисодий ўсиши бўйича айрим қўшниларига қараганда унчалик ёмон натижага эришмади. Аммо, менимча, ўсиш барқарор эмас, чунки у нисбатан кам сонли хом-ашё товарларига асосланган. Ўйлашимча, жамиятнинг узоқ муддатли иқтисодий ўсиши кўп ҳолларда аҳолининг инсон капиталининг ривожланишига боғлиқ. Бу асосан таълимга ва кўникмалар орттиришга боғлиқ. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Узоқ Шарқ, Европа ва Яқин Шарқ ўртасидаги ўзаро боғловчи вазифасидан ҳам фойдаланиш керак».

Унинг таъкидлашича, ҳар қандай жамиятнинг тараққиёти унинг одамлари, улар олган таълим даражаси ва ташқи дунё билан алоқаларига боғлиқ. «Ўйлашимча, бу Ўзбекистон учун энг катта синов бўлади», — дейди Стэнфорд профессори.

Шунингдек, Фрэнсис Фукуяма Марказий Осиё мамлакатларида инклюзив институтлар шаклланишига тўсиқ бўлиши мумкин бўлган омилларга ҳам тўхталди.

«Марказий Осиёда катта тўсиқлардан бири, мен китобимда (The Origins of Political Order) айтган „Патримониализм“ (Patrimonialism) тушунчасидир. Бунда давлат маълум даражада барқарорликка эга бўлади, аммо бу барқарорлик давлат раҳбарининг оиласи ва дўстлари билан шахсий муносабатлари атрофида қурилади. Ушбу турдаги жамиятда „crony capitalism“ (фақат таниш-билишлар учун бўлган капитализм) иқтисодий тизими ривожланади».

Тараққиёт омиллари ҳақида

Фукуяма эслаб ўтган китобида дунё мамлакатлари қандай қилиб ривожланишнинг энг юқори чўққиси деб эътироф этилган «Дания»га айланишлари мумкинлиги ҳақида ёзади.

Фукуяма мамлакат ривожланиши учун юқорида айтилган «патримониал» тизимни орқада қолдириб, барча учун инклюзив, ёки, фуқаролар президент ёки кучли элита билан шахсий муносабатларсиз ҳам давлатга алоқадор бўла оладиган тизимни яратиш кераклигини таъкидлайди. «Ҳақиқий рақобат бўлиши учун, бойлар, шунчаки, президент ёки сиёсий ҳокимият билан алоқалари туфайли мукофотланадиган одамлар эмас, балки аслида қиймат яратадиган инсонлар бўлиши учун иқтисодни қандай очиш керак? Мана булар Данияни, асл Дания мамлакатини тавсифловчи институтлардир. Ўзбекистонда ҳам мана шулар керак бўлади деб ўйлайман», — дейди у.

Сиёсий фанлар профессорининг фикрига кўра, иқтисодий ўсиш давомийлигини таъминлаш учун жамиятга университетда таълим олган, умумий саводхонлик даражаси бўлган ва базавий математика кўникмалари ва бошқа шунга ўхшаш кўникмаларга эга инсонлар керак бўлади. «Муваффақиятли модернизацияга эришган ҳар қандай жамият ўз аҳолисида ушбу кўникмаларни ривожлантиришга эътибор қаратган деб ўйлайман. Менимча, булар узоқ муддатли ривожланишга олиб борувчи баъзи омиллардир».

Демократиянинг ривожланиши учун зарур шароит ҳақида фикр билдириб, Фукуяма бунга танқидий фикрлашни шакллантирадиган таълим кераклигини қайд этади.

«Биласизми, кўп одамлар собиқ Совет Иттифоқида олим ёки муҳандис бўлиш учун таълим олишган, аммо уларга бу кўникмаларни механик тарзда ўргатишган. Яъни, таълим шунчаки маърузаларни тинглаш, маълум деталларни ёдлаш ва формулаларни қўллашдан иборат бўлган. Тақдим этилган ғояларни шубҳа остига олиш, фикрни очиқ баён қилиш, мустақил фикрлаш ўргатилмаган. Ва менимча, Ғарбий Европанинг иқтисодий муваффақиятининг сири ҳам шунда эди. Улар жуда эрта босқичда, Ўрта асрларда, Уйғониш даврининг бошларида, кейин эса протестантлик ислоҳотидан сўнг ҳокимиятни сўроққа тута оладиган интеллектуал маданиятни ривожлантирдилар. Бу „мен шахс сифатида ўз фикрларимга эгаман ва ўз фикримга ўз асосларимни бера оламан“ дейиш. Буни мен билан ишлаган Украина ва Грузия ҳамда собиқ коммунистик давлатларнинг бошқа қисмларидан келган кўплаб ёшларда ҳам кузатганман. Улар маданий жиҳатдан маълум маънода жуда „ғарбийлашган“. Аммо уларга ҳали ҳам янада демократик маданиятни сақлаш учун жуда зарур бўлган фикрлаш мустақиллиги етишмаяпти».

Иқтисодий ўсиш ва демократия ўртасидаги боғлиқлик ҳақида

Фукуяма демократия ва иқтисодий ўсиш ўртасидаги тўғридан-тўғри боғлиқлик борлигига шубҳа билан қарашини таъкидлайди.

«Модернизация назариясига кўра, иқтисодий ўсиш сиёсий иштирок (political participation) учун талабни юзага келтиради. Одамлар кўпроқ таълим олишлари ва мулкка эгалик қилишни бошлашлари билан кўпроқ ўрта синфга айланиб боришади ва ҳукуматдан ҳисобдорликни талаб қилишни бошлашлари мумкин. Менимча, Жанубий Корея ва Тайвань билан шу ҳолат рўй берган, ушбу мамлакатлар саноатлашгач, уларнинг аҳолиси ҳам яхшироқ таълимга эга бўла бошлаган. Хитой эса бундан кескин фарқ қилади. Хитой 1980 йилларда Тайвань ва Жанубий Корея демократлашишни бошлаган пайтдагидан кўра анча бойроқ, лекин ўрта синф томонидан демократия бўйича катта талаб бўлмаётгандек. Бу назария нотўғри дегани эмас, шунчаки аҳоли демократия талаб қилишига бошқа омиллар ҳам таъсир қилишини англатади».

Шунингдек, Фукуяма авторитар ҳукуматнинг иқтисодий ўсишга эришиш имконияти унинг сифатига боғлиқ эканлигини қайд этди.

«Авторитар ҳукумат ва иқтисодий ўсишни рағбатлантирадиган яхши сиёсат ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик кўрмайман. Одамлар бунга наъмуна сифатида Ли Куан Юни (1959−1990 йилларда Сингапур бош вазири — таҳр.) кўрсатишади. Аммо ҳар бир Ли Куан Ю мисолига Мусевени (1986 йилдан бери Уганда президенти — таҳр.) ёки бошқа дахшатли авторитар раҳбар топилади. Фикримча, Каримов иқтисодиётни модернизациялаш нуқтаи назаридан узоқни яхши кўра оладиган шахс бўлмаган ва шунинг учун ҳам унинг автократияси ижобий натижаларга эриша олмаган».

Унинг айтишича, ҳозирги кунда мамлакатлар ўз институтларини қандай кетма-кетликда ривожлантиришни режалаштириш имкониятига эга эмаслар.

«Демократияни талаб қилаётган аҳолига „Йўқ, йўқ, яна бир янги авлод келсин, биз демократияга ҳали тайёр эмасмиз“, „Яна бир авлод иқтисодий ўсишни кутайлик“ дея жавоб бериш ўта мушкул. Кўплаб мамлакатлар бир вақтнинг ўзида бу нарсаларнинг барчасини олиб боришга мажбур бўляпти, лекин жуда кўп жойларда ривожланиш тарихан бундай кечмаган. Ҳамма нарсани бир вақтнинг ўзида амалга ошириш талабидан қочиб қутилиш қийин деб ўйлайман».

Пандемия даврида давлатлар кўрган чоралардан нимани англаш мумкин?

Суҳбат сўнгида Фрэнсис Фукуяма мамлакатларнинг коронавирус пандемияси даврида кўраётган чораларидан нималарни хулоса қилиш мумкинлигига тўхталди.

«Менимча, бу ерда асосан учта хусусият муҳим.

Биринчиси, давлат салоҳияти. Агар сизда шифокорлар, соғлиқни сақлаш тизими ва улар учун маблағ бўлмаса, шубҳасиз, эпидемия билан курашиш қийин бўлади.

Иккинчиси, менимча, ижтимоий ишонч. АҚШда бу борада ҳолат ачинарли бўлди, чунки АҚШда жамият ҳозирги кунда жуда бўлиниб кетган, шунинг учун ниқоб тақиш масаласи сиёсий позицияга айланди. Агар кимдир президент Трампни қўллаб-қувватлагани учун ниқоб тақмаса, бу менимча аҳмоқона позиция. Фуқаролар ўртасидаги ижтимоий ишонч ҳамда ҳукуматга ишонч паст бўлса, шундай бўлади. Шунча одам вакциналар бор вазиятда ҳам уни олишдан бош тортишяпти, чунки вакцина хавфсиз деб айтаётган ҳукуматга улар ишонмайдилар. Қисқа қилиб айтганда, ишонч муҳим аҳамиятга эга.

Ва ниҳоят, учинчиси, тўғри раҳбарият бўлиши муҳим. Трамп ёки Бразилиядаги Болсонару, Мексикадаги Лопес Обрадор, Белорусиядаги Лукашенко каби бир қатор популист раҳбарлар касалликни жиддий қабул қилмадилар, натижада вирус тарқалиб кетиб, жуда ёмон натижаларга олиб келди".

Тўлиқ интервью