Нурота тумани ҳокими Умарбек Халилов Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 11,16 сўмга кўтарилиб, 10 815,16 сўмни ташкил қилди. Шунингдек, евро курси пасайди, рубль курси эса кўтарилди. Ушбу ўзгаришлар 31 январдан кучга киради.
Шавкат Мирзиёев «Ҳиндистон — Марказий Осиё» саммитида фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш, вирусолог врачлар тайёрлаш дастурини бошлаш ҳамда рақамли инновациялар, молиявий ва блокчейн технологияларни жорий қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишни таклиф қилди. У Чабаҳор порти орқали Ўзбекистон ва Ҳиндистонни боғлайдиган янги йўлакни ишлаб чиқишга киришилганини маълум қилди.
Қозоғистоннинг KEGOC электр тармоқлари оператори минтақа энергия тизимидаги узилишлар Ўзбекистондаги Сирдарё ИЭСда содир бўлган қисқа туташув туфайли юз берганини яна бир марта тасдиқлади.
Иккиламчи бозорда уй-жойлар нархи IV чорак давомида ўртача 5,1 фоизга кўтарилди. Жумладан, Тошкент шаҳрида нархлар 4,2 фоизга ўсган. Бухоро, Андижон, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларида нархлар 10 фоиздан юқорироққа ўзгарган. Шунга қарамасдан, республикадаги энг арзон уй-жойлар Сирдарё вилоятида экани қайд этилди. Жаҳон бозорида ҳам нархлар ошган.
27 январь куни кечқурун Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида оғир ўқотар қуроллар қўлланган ҳолда қуролли тўқнашув содир бўлди. Тўқнашувлар бир неча соат давом этди, сўнгра шу тунда ҳам томонлар ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишиб олдилар. Қирғизистон томонидан 11 ҳарбий яраланган. Тожикистон томонида қурбонлар бор — маҳаллий аҳоли ва тез ёрдам ҳайдовчиси. Яна тўрт нафар тинч аҳоли ва олти нафар ҳарбий жароҳатланган.
Наманганда суд ИИБ раҳбариятининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақида маълум қилган собиқ профилактика инспектори Сардорбек Отабоевга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқишни бошлади. У Жиноят кодексининг 7 моддаси, жумладан, фирибгарлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва бошқалар бўйича айбланмоқда. Судланувчи айбловларни рад этмоқда.
Энергетика вазирлиги Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида электр энергияси таъминоти тўлиқ тикланганини хабар берди. «Ҳудудгазтаъминот» ва «Ўзсувтаъминот» ҳам табиий газ ҳамда ичимлик суви истъемолчиларга аввалгидек етказиб берилаётганини маълум қилди.
2021 йилда Ўзбекистонда ЯИМ ҳажми 734,6 трлн сўм ёки 69 млрд долларни ташкил этди. Аҳоли жон бошига ЯИМ эса 2020 йилга нисбатан 5,3 фоизга ўсиб, 21 млн сўмдан ортиқроққа етди.
Президент қарорига асосан «Соғлом турмуш тарзи» платформасидан фойдаланувчиларни рағбатлантириш мақсадида давлат бюджетидан 100 млрд сўм ажратилади. Бундан ташқари, ҳар йили туман ва шаҳарлардаги намунали маҳаллаларда замонавий фитнес кўчалари ташкил этилади.
Президент қарорига асосан эндокрин касалликлар мавжуд оилаларга махсус тайёргарликдан ўтган патронаж ҳамшираси бириктирилади. Ҳар йили камида бир марта 40 ёшдан ошган аҳоли қандли диабет учун мақсадли скринингдан ўтказилади. Қолаверса, 25 ёшдан ошган беморларга инсулин, метформин ва бошқа дори воситалари бепул берилади.
Жума куни Beeline мобил алоқа оператори абонентларида интернет хизмати вақтинча ишламай қолди. «Ўзкомназорат» бунга дастурий таъминотдаги носозлик сабаб бўлганини маълум қилди.
Президент қарорига мувофиқ, ҳар йили бир маротаба 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган аҳолининг овқатланиши, тамакига қарамлилиги, тана вазни, артериал босими, қондаги қанд ва холестерин даражасига қараб, уларнинг саломатлик профили баҳоланади. 40 ёшдан ошганлар йилига камида бир марта скрининг текширувларидан ўтказилади. Юрак-қон томир касалликлари бор 200 мингдан ортиқ аҳолига эса эналаприл дори воситаси бепул берилади.
Пайшанба куни 1186 киши топширган тест таҳлилларида коронавирус инфекцияси аниқланди. 3 нафар бемор эса касаллик асоратлари оқибатида вафот этди. Қолаверса, 216 кишида пневмония қайд этилди.
«Янги Ўзбекистон» массивлари туркумига кирувчи илк экошаҳар Фарғона вилояти марказида 300 гектар майдонда бунёд этилади. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров биринчи босқичда 80 та кўп қаватли уй қуриш режалаштирилгани, экошаҳар икки йилда фойдаланишга топширилишини таъкидлади.
Блэкаут вақтида яроқсиз бўлиб қолмаган вакциналар, иситиш тизими ишламаган кунлар учун чегириб ташланадиган тўлов, Самарқандда 5 йилда лой йўл қолмаслигини айтган Эркинжон Турдимов, Хоразмда чиқиндихонадан мурдаси топилган чақалоқ, шаҳарлараро йўлларда ишлай бошлаган АГТКШлар, қонунийлаштирилган авиаспоттинг ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 27 январдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
2022 йилнинг илк 25 кунида Ўзбекистонда ис гази билан боғлиқ 16 та ҳолат қайд этилган, бунинг оқибатида эса 9 киши заҳарланган ва 28 киши вафот этган. Бахтсиз ҳодисаларга асосан қўлбола ясалган печлардан фойдаланиш, дудбўронларни нотўғри ўрнатиш, ҳаво алмашмайдиган хоналарда кўмир ва ўтин ёқиш сабаб бўлган.
Суд диний блогер Фозилходжа Арифходжаевни жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этишда айбли деб топиб, уни 7,5 йилга озодликдан маҳрум этди. У ўтган йили диний блогер Аброр Мухтор Алий билан бўлган можародан сўнг ҳибсга олинганди. Судланувчининг адвокати айбловни рад этиб, суд жараёни тафсилотларини сўзлаб берди.
Санитария-эпидемиологик хизмати «Газета.uz»га изоҳ беришича, 25 январь куни кузатилган электр таъминотидаги узилишлар пайтида ҳудудлардаги вакциналарни сақлаш омборлари ва вакциналар мавжуд поликлиникалар электр токи билан узлуксиз таъминланган. «Электр энергияси ўчиши натижасида биронта ҳам вакцина яроқсиз ҳолга келмаган», — дейди СЭС матбуот котиби Муҳаммаджон Бозоров.
АҚШ ва НАТО Россияннинг хавфсизлик кафолатлари бўйича таклифларига ўз жавобларини йўллади. Унда айтилишича, альянснинг «очиқ эшиклар» позицияси ўзгаришсиз қолмоқда. Аммо АҚШ ҳам, НАТО ҳам Россия билан мулоқотни давом эттириш ва барча учун хавфсизликни кучайтириш ниятида.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг