25 январь куни Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида электр энергияси таъминотида узилиш кузатилди. 26 январь куни соат 22:00 ҳолатига айрим ҳудудларда электр энергияси таъминоти тўлиқ тикланмаган эди.

Коронавирусга қарши эмлашда ишлатиладиган вакциналарнинг айримлари музлатилган ҳолда ва айримлари эса совуқ ҳолда сақлашни талаб этади. «Газета.uz» сешанба куни кузатилган электр энергияси узилишлари эмлаш ишларини олиб борадиган поликлиникалар ва вакцина сақлаш омборханалари ишларига қандай таъсир кўрсатганини суриштирди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати матбуот котиби Муҳаммаджон Бозоровнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, ҳозирги пайтда Ўзбекистон бўйича жами 221 та вакцина сақлаш омборлари бор. Уларнинг 206 таси кичик омборхоналар бўлиб, улар туманларда жойлашган, 14 таси Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ва 1 таси Ўзбекистон Миллий вакциналар сақлаш омбори ҳисобланади.

«25 январда кузатилган электр энергияси таъминотидаги узулишлар пайтида вакцина сақлаш омборлари махсус генераторлар ёрдамида узлуксиз электр токи билан таъминланди. Чекка-чекка туманлардаги вакцина сақлаш омборларининг барчасида генераторлар йўқлиги боис улар движоклар ёрдамида электр энергияси билан таъминланди», — дейди СЭС матбуот котиби.

Унинг сўзларига кўра, 27 январь ҳолати бўйича Ўзбекистонда 7 миллиондан ортиқ ишлатилмаган вакциналар бор. Булар Moderna, Pfizer ва ZF-UZ-VAC2001 вакциналари.

«Ҳар битта эмлаш ишларини олиб борадиган поликлиникаларнинг ўз генераторлари бор. Электр токи ўчгани билан бу уларнинг ишига таъсир қилмаган, қандай ишлаган бўлса, шундай ишлашни давом этган. Шу сабабли, бир дона вакцина ҳам яроқсиз ҳолга келмаган», — дея таъкидлади Сан-эпид хизмати Вакциналар ва иммунопрофилактика бўлими бошлиғи Дилорам Турсунова. Унинг айтишича, поликлиникалар олдинроқ 1 ой муддатга етадиган вакциналарни олиб кетган бўлган.

Ҳозирги пайтда Ўзбекистон бўйича 3138 та эмлаш пунктлари бор.

Маълумот учун, Энергетика вазирлиги 25 январь куни Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида электр энергияси таъминотида бўлган узилишларни Марказий Осиё ягона электр тармоғида юз берган йирик авария билан изоҳлади. Ушбу авария боис дастлаб Қозоғистон ва Қирғизистоннинг вилоятларида электр таъминоти узилган, натижада Ўзбекистон электр тармоғига Қозоғистондан келувчи линиядаги кучланиш ва частотанинг кескин ўзгариши сабаб Тошкент ИЭСи, Сирдарё ИЭСида авария ҳимоя воситалари ишлаб кетиб, бу иккала станцияни ҳам автоматик равишда ўчишига олиб келган.