26 январь куни Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди Фозилходжа Арифходжаевга нисбатан жиноят иши якуни бўйича суд ҳукмини эълон қилди, деб хабар берди пойтахт судлари матбуот хизмати.

Ҳукмга кўра Фозилходжа Арифходжаев Жиноят кодексининг 244−1-моддаси 3-қисми «г» бандида назарда тутилган (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб) жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Мазкур ҳукмдан норози тарафлар 20 кун ичида апелляция тартибида шикоят беришлари ёки прокурор томонидан протест билдирилиши мумкин.

Фозилходжа Арифходжаев ким ва нимага уни ҳибсга олишди?

41 ёшли Фозилходжа Арифходжаев давлат хизматчилари, дин соҳасида ҳокимият вакилларининг сиёсатини, шунингдек, айрим масжидларнинг имомларини бир неча маротаба ва кескин танқид қилган.

2021 йилнинг 26 июнь куни Арифходжаев Олмазор туманида жойлашган «Тўхтабой» жоме масжидига бориб, диний блогер Аброр Абдуазимов (Аброр Мухтор Алий номи билан танилган) маъруза қилаётган вақтда уни «мунофиқ» деб атаганди. Таъкидлаш жоиз, уларнинг ўртасидаги можаро бир неча йиллардан бери давом этмоқда. Ижтимоий тармоқларда улар бир-бирининг номига қарата мурожаатлар, шу жумладан ҳақоратли сўзлар билан чиқишган.

Масжиддаги ҳодисадан сўнг, Фозилходжа Арифходжаев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасига (майда безорилик) кўра, 15 суткага қамалганди.

Бироқ, муддат тугаши билан у озодликка чиқарилмаган. Тошкент шаҳар ИИББ маълумотига кўра, текширув жараёнида «ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга Фозилходжа Арифходжаевнинг телефонида шубҳали диний мазмундаги материаллар мавжудлиги ва уларни бошқа фуқароларга намойиш этганлиги» ҳақида хабар келиб тушган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосасига кўра, унинг Facebook ижтимоий тармоғидаги «Фозилхўжа Арифходжаев» номли профилига жойлаштирилган «айрим материаллар диний ақидапарастликни тарғиб қилувчи материаллар сирасига киришлиги аниқланган». Уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланади.

Тошкент ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси ЖКнинг 244−1-моддаси 3-қисми «г» банди (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатганди.

Human Rights Watch муносабати

Human Rights Watch (HRW) ноҳукумат ташкилоти 9 декабрь куни маҳбуснинг оиласига асосланиб, тергов ҳибсхонасида Фозилходжа Арифходжаев шафқатсиз муносабатга дучор бўлганлиги ва тиббий ёрдамдан маҳрум қилингани ҳақида хабар берганди. Унинг қариндошларига кўра, унинг соғлиғи кескин ёмонлашган.

Судланувчининг адвокати Сергей Майоров ҳукумат вакиллари коронавирус пандемиясига асосланиб, уни ҳимояси остидаги шахс билан кўриштирмаганини айтганди. 13 июль куни ҳимоячини ички ишлар бўлимига чақириб, Арифходжаевга нисбатан 2021 йил 6 март кунида «мусулмонга мусулмон бўлмаганларни диний байрамлар билан табриклаши ўринли бўладими», дея изоҳланган хабар эълон қилгани учун жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинган, дейилади ташкилот баёнотида.

Сергей Майоров HRW`га давлат экспертизаси якуни бўйича маълумот берган. Унда пост мазмуни «аҳоли ўртасида ваҳима сабаб бўлиши» ва ўзида «диний фундаментализм»ни акс эттириши мумкинлиги қайд этилган. Шундан сўнг, адвокат ошкор қилмаслик тўғрисидаги қоғозга имзо чеккан.

«Facebook`да эълон қилинган мусулмон бошқа эътиқод вакилларини уларнинг диний байрамлари билан табриклаши мумкин ёки йўқлиги ҳақидаги пост айримлар учун бахсли бўлиши мумкин, лекин бу сўзсиз жиноят ҳисобланмайди. Бундан ташқари, инсон ҳуқуқи соҳасида сўз [эркинлиги] халқаро нормалар билан ҳимояланган»", — дейилади ҳуқуқ муҳофазаси ташкилотида.

Human Rights Watch Арифходжаевнинг ушлаб турилиши «ўзбошимчалик ва халқаро ҳуқуқни бузиш» ҳисобланади. «Сўз эркинлиги ва эркинлик ҳуқуқи, хавфсизлик, тегишли ҳуқуқий тартиб-тамойиллар ва инсонпарварлик мурожаатларини ҳурмат қилиш мажбуриятларининг очиқ-ойдин бузилиши Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Кенгашида ўз ўрнига эга чиққанида содир бўлмоқда», — дейилади хабарда ва ташкилот маҳбусни зудлик билан озод қилишни талаб қилди.

Суд қандай ўтди?

Адвокат Сергей Майоров «Газета.uz» билан суҳбатда суд жараёни очиқ бўлган, бироқ, жараёнга судланувчининг фақат яқин қариндошлари киритилган — Намангандан келган яқин дўсти эса кира олмаган.

«Суд жуда жирканч ўтди. Бизнинг барча аргументларимиз, барча далилларимиз ва илтимосларимиз бекор қилинди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, прокурор суддан айбланувчига максимал жазо — 8 йил беришни сўраган, якунда эса суд 7,5 йил берди.

Суд жараёнида адвокат Фозилходжа Арифходжаев у айбланаётган жиноятни содир этмаганини таъкидлаган.

Сергей Майоров унинг ҳимояси остидаги шахс ва «ҳукуматга алоқадор блогер Аброр Мухтор Алий ўртасида бир неча йилдан бери исломдаги позицияларининг номувофиқлиги асосида» адоват юзага келган. Ҳимоячи душманлик бир неча бор «Мухтор Алий томонидан ҳақоратлаш ва таҳдид қилишга» айланиб кетгани, қолаверса, Арифходжаевнинг «яқинларини, шу жумладан, унинг онасини ҳақорат қилишгача» етиб борганига ишонтирмоқда.

Адвокат судланувчининг онаси ҳақоратлар устидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза берган, бироқ, «давлат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан унинг аризасига ҳеч қандай муносабат билдирилмаган». Ҳимоячининг сўзларига кўра, бунга ариза ҳукуматга алоқадор блогерга қарши тақдим этилгани сабаб бўлган.

Масжиддаги воқеадан сўнг, «Аброр Мухтор Алий ариза берган ва давлат хизматларини Фозилходжа Арифходжаевни майда безорилик учун максимал жазога тортиш — 15 суткага қаматишга ишонтира олган», деб ҳисоблайди Сергей Майоров.

Гарчи омбудсман, ноҳукумат ташкилотлар вакиллари ва бошқалар айбланувчи билан учрашган бўлсада, адвокат 30 июндан 13 июлга қадар ўз ҳимояси остидаги шахс билан коронавирус пандемияси сабаб кўриша олмаган.

«Ундан ноқонуний равишда телефонини тортиб олишган. Ўзбекистонда шунчаки телефонни олиб қўйишга рухсат берувчи қонун йўқ. Лекин, буни қонунийлаштиришди, гувоҳларни чақириб, уларнинг иштирокида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ишчилари менинг ҳимоям остидаги шахсдан телефонни олиб қўйишган. Бу мутлақо ноқонуний эди», — деди Сергей Майоров.

Адвокатнинг ишонтиришича, бу Фозилходжа Арифходжаевни жиноий жавобгарликка «ноқонуний тортиш учун қўйилган илк қадам» бўлган.

Facebook`да 2021 йил 6 мартда эълон қилинган постда, Сергей Майоровнинг сўзларига кўра, Арифходжаев бошқа бир блогер Абдулла Каримнинг кейинроқ ўчириб ташланган постини қайта эълон қилган.

Ҳимоячи шунингдек, терговчилар Абдулла Каримовни топа олмаган, гарчи «у шу ерда бўлган ва яқинда чиқиб кетган».

«Бу албатта, ёлғон. Ва бу яна бир бор ҳукуматга алоқадор блогер, ҳукумат кучлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари менинг ҳимоям остидаги шахсга қарши ўзаро тил бириктирилганини исботлайди», — деди у.

Қолаверса, адвокат жиноят иши экспертиза хулосаси асосида қўзғатилганини, бироқ, айни пайтда бундай экспертиза тайинлаш бўйича ҳеч қандай тергов ҳаракатлари ўтказилмагани ва уни ўтказиш талабларига амал қилинмаганини маълум қилди. У шунингдек, мутахассислар ўрганишлар бошланишидан аввал жиноий жавобгарлик ҳақида огоҳлантирилмаганини маълум қилди.

Улар буни хулосадан кейин қилишган, шунинг учун юридик жиҳатдан улар нотўғри хулоса ёки хулосани рад этиш учун жавобгарликни зиммасига олмайди", — деди у.