27 январь куни Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида миномётлардан фойдаланган ҳолда қуролли тўқнашув содир бўлди.

Қирғизистон ОАВнинг мамлакат чегара хизматига таяниб хабар беришича, пайшанба куни кечқурун тожик чегарачилари Боткен вилоятининг Торт-Кочо ҳудудида Боткен-Исфана йўлининг бир қисмини тўсиб қўйган. Ҳар икки томондан отишма бошланди.

Қирғизистон ИИВнинг хабар қилишича, Тожикистон ҳарбий хизматчилари оғир ўқотар қуроллардан фойдаланиб, Боткен вилоятининг Кўк-Тош қишлоғидаги оддий одамлар истиқомат қилаётган Чир-Добо, Қум-Мозор, Дахма участкаларига, шунингдек, Орто-Бўз қишлоғидаги Торт-Кўч участкаси ва Кўк-Тош қишлоғидаги Қирғизистон Республикаси ИИВ ички қўшинларининг 707-ҳарбий қисми биносига қарата ҳужумлар уюштирган. Мазкур ҳолат юзасидан тинчликка қарши жиноят моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Қирғизистоннинг Боткен вилояти Кўк-Тош қишлоғида ёниб кетган қишлоқ хўжалиги биноси ичидаги чорва моллари бор. Фото: turmush.kg

Тожикистон Чегара хизматининг маълум қилишича, 27 январь куни кечқурун Боткен вилоятининг Оқсой қишлоқ фуқаролари йиғинида яшовчи Қирғизистоннинг 50 нафар фуқаролари Хўжай-Ало аҳоли пункти яқинидаги кўприкда Тожикистон ҳудуди бўйлаб Хўжаи-Аълодан Сомониён посёлкасига қум олиб ўтаётган тожикистонлик фуқаронинг машинасини мажбуран тўхтатган.

Ноқонуний хатти-ҳаракатларга чек қўйиш мақсадида маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари даражасида йиғилиш ўтказилиши режалаштирилган эди, бироқ Қирғизистон томони учрашувга келмаган. Бунинг ўрнига қирғиз чегарачилари Тожикистонда тинч аҳолига қарата ўт очган, шундан сўнг мамлакат чегара хизмати ҳам қуролли тўқнашувга киришган.

28 январга ўтар кечаси Тожикистон ва Қирғизистон ваколатли органлари ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди. Томонлар ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришди.

Ҳозир ҳар икки давлат ОАВ хабарларига кўра, чегарадаги вазият барқарор. Қўшма комиссия чегарадаги можаро сабабларини ўрганмоқда.

Қирғизистоннинг Боткен вилояти Кўк-Тош қишлоғида отишма излари. Фото: turmush.kg

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиевнинг сўзларига кўра, қирғиз томонидаги тўқнашувда тинч аҳоли вакиллари ва ҳарбийлардан қурбонлар бўлмаган, 11 нафар ҳарбий хизматчи жароҳат олган, улар касалхоналарда, деб ёзади «24.kg».

Тожикистон томонида тинч аҳоли орасида қурбонлар бор. Чегара хизмати маълумотларига кўра, Хўжаи Аъло аҳолисидан 1986 йилда туғилган Обиджон Тўйчиев ўз ҳовлисида миномёт портлаши оқибатида ҳалок бўлган. Исфара шаҳридаги тез тиббий ёрдам ҳайдовчиси, 1964 йилда туғилган Абдулатиф Шарипов ҳам Хўжаи Аъло қишлоғи аҳолисини қутқариш чоғида қирғиз томонидан отилган мина портлаши оқибатида ҳалок бўлди.

Тожикистон томонидан 10 киши яраланган, улардан 6 нафари ҳарбий хизматчи ва 4 нафари тинч аҳоли вакиллари.

Тожикистоннинг Исфара шаҳридан келган тез ёрдам машинаси миномётдан ўққа тутилди. Фото: Исфара шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати / asiaplustj.info

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Қирғизистон ва Тожикистонни муросага чақирди.

«ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси қирғиз-тожик чегарасида кескинликнинг янги кучайишидан хавотир билдиради, қуролдан фойдаланиш, фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига таҳдидни қабул қилиб бўлмас деб ҳисоблайди», — дейилади МАТТ сайтида.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

МАТТ тузилмаси томонларни «чегара муаммоларининг бутун мажмуасини фақат дипломатик воситалар орқали муросага келтириш бўйича икки томонлама масъулиятли ҳамкорликка» чақирди.