Энергетика вазирлиги 27 январь куни соат 16:00 дан Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида электр энергияси таъминоти тўлиқ тикланганини қайд этди. Келтирилишича, айни пайтда республикадаги Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясидан ташқари барча электр станцияларнинг иш фаолияти тикланган.

«Ҳудудгазтаъминот» хабарига кўра, 28 январь соат 11:00 ҳолатига республикада табиий газ таъминоти ҳам тўлиқ тикланди. Шунингдек, бугун соат 11:00 дан 16:00 га қадар таъмирлаш ишлари олиб борилиши туфайли Юнусобод ва Олмазор туманларининг 2 маҳалласида табиий газ таъминоти вақтинча тўхтатилган.

«Ўзсувтаъминот» эса 27 январь соат 21:00 ҳолатига, мамлакат бўйича ичимлик суви таъминоти тўлиқ қайта тикланганини маълум қилганди.

25 январь куни Марказий Осиё энергетика тизимида улкан авария юз берди. У Ўзбекистонда электр станциялари, газ конлари, аэропортлар, вокзаллар, ёқилғи қуйиш шохобчалари ва бошқа инфратузилмалар фаолиятининг тўхташига олиб келди. Сиёсатшунос, электр энергетикаси бўйича эксперт Пётр Своик «Газета.uz» га берган интервьюсида ушбу коллапснинг юз бериши сабаблари, минтақа энергия ҳалқаси қандай тузилишга эгалиги, АЭС қурилиши вазиятни ўзгартириши мумкин-мумкинмаслиги ва ушбу инқироз яна такрорланиши эҳтимоллари ҳақида сўзлади.