Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 январь куни «Ҳиндистон — Марказий Осиё» биринчи саммитида нутқ сўзлади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

У ўз нутқида минтақавий ҳамкорлик йўналишларини стратегик устувор йўналишлар сифатида белгилаб олишни таклиф қилди.

«Биринчи устувор йўналиш — таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида фаол ҳамкорлик қилиш орқали, Ҳиндистоннинг илғор тажрибаси, билим ва технологияларини кенг жорий қилиш асосида инсон капиталини ривожлантириш», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент мамлакатда ҳиндистонлик ҳамкорлар билан очилган кўп тармоқли тиббиёт марказлари тармоғини Ҳиндистон етакчи тиббий университетларининг Ўзбекистондаги филиаллари негизида янада кенгайтириш ниятида эканини маълум қилди.

«Соғлиқни сақлаш соҳасида Ҳиндистон билан ҳамкорликни янада чуқурлаштириш мақсадида фармацевтик препаратлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суриш, вакцинация тўғрисидаги сертификатларни ўзаро тан олишни жадаллаштириш, вирусолог врачлар тайёрлаш дастурини бошлаш, аюрведа таълимотлари ва йога амалиёти ҳамда Ибн Сино рисолалари асосида замонавий соғлиқни сақлаш ютуқларини тўлдириб турадиган анъанавий тиббиёт усулларини жорий қилишни муҳим деб ҳисоблаймиз», — дея маълум қилди давлат раҳбари.

Ушбу ташаббусларни тизимли амалга ошириш мақсадида ҳар йили «Ҳиндистон — Марказий Осиё» соғлиқни сақлаш форумини ўтказишни таклиф қилди.

Шавкат Мирзиёев бугун Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг 3 та етакчи университети фаолият юритаётгани, уларда 4000 га яқин талаба таҳсил олаётганини эслатиб ўтди. Бундан ташқари, Ҳиндистон компаниялари мамлакатда «IB» дастури доирасидаги халқаро мактаблар ташкил этишга инвестиция киритишни бошлади. Ҳиндистоннинг тилларга ўқитиш методикаси жорий қилинмоқда.

Таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида у олий таълим муассасаларининг филиаллари ва профессионал таълим марказларини очиш, илмий ва академик алмашинувларни йўлга қўйиш, инновацион ишланмалар ва стартапларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишни таклиф қилди.

Президент Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг яқин истиқболга мўлжалланган қўшма режаларида — учинчи мамлакатлар бозорларига дастурий маҳсулот ва хизматларни экспорт қилиш, шу жумладан бизнес жараёнларининг аутсорсинги ўрин олганини маълум қилди.

IT соҳасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Шавкат Мирзиёев рақамли инновациялар, молиявий ва блокчейн технологияларни жорий қилиш, киберхавфсизликни таъминлаш, мутахассислар тайёрлаш каби йўналишларда ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилди.

«Ушбу ташаббусни амалий рўёбга чиқариш учун Жавахарлал Неру номидаги Ўзбек-Ҳинд ахборот технологиялари маркази имкониятларини ишга солишга тайёрмиз», — деди у.

Ҳамкорликнинг иккинчи энг муҳим стратегик устуворлиги иқтисодий шерикликни чуқурлаштиришдан иборат, деди давлат раҳбари.

Мамлакатлар бизнеси ва ҳудудлари даражасида тўғридан-тўғри алоқаларни рағбатлантириш мақсадида Шавкат Мирзиёев «Ҳиндистон — Марказий Осиё» ишбилармонлар кенгаши фаолиятига янги суръат бағишлашни таклиф этди.

Кенгаш инвестициялар ва савдо соҳаларида ўзаро тўлдириб туриш омили асосида янги ўсиш нуқталарини аниқлаш учун тадбиркорларимиз ўртасида узоқ муддатли шериклик алоқаларини йўлга қўйишга фаол кўмаклашиши лозим.

«Шу билан бирга, Ҳиндистон ва Марказий Осиё ўртасида тўғридан-тўғри ерусти транспорт йўллари мавжуд эмаслиги иқтисодий муносабатларимизнинг жадал ривожланишига тўсқинлик қилаётган асосий омил бўлиб қолмоқда. Шу муносабат билан биз Чабаҳор порти орқали янги йўлакни ишлаб чиқишга киришдик. Бу порт „Шимол-Жануб“ ташаббуси доирасида мамлакатларимиз ўртасида юклар етказиб беришнинг муҳим бўғинига айланиши мумкин ва шарт», — дея маълум қилди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари мамлакатлар транспорт вазирларининг учрашувларини йўлга қўйиш таклифини қўллаб-қувватлади ҳамда вазирларнинг биринчи йиғилиши кун тартибига «Қуруқ» портлар тармоғини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш, юк ташишда бир хил чегирма ва имтиёзли тарифлар тақдим этиш, юкларни божхона расмийлаштируви тартиботларини соддалаштириш масалаларини киритишни таклиф қилди.

Президент Ҳиндистон бош вазири ташаббуси билан ташкил этилган Халқаро қуёш альянсига қўшилиш ниятида эканини билдирди.

«„Яшил“ энергетика соҳасидаги минтақавий ҳамкорлик масалаларини жорий йил сентябрь ойида Оролбўйида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида ўтказиладиган халқаро форумда батафсил муҳокама қилишни таклиф қиламиз», — деди у.

Учинчи устувор йўналиш — маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик, дея қайд этди президент.

У умумий меросни бўлажак авлодлар учун сақлаб қолиш мақсадида музейлар ҳамкорлиги, кўргазма ва анжуманлар, шу жумладан онлайн шаклда ташкил этиш, қўлёзма фондларини рақамлаштириш ва қўшма виртуал кутубхоналар яратиш, умумий тарихий-археологик меросни тадқиқ этишни назарда тутадиган биргаликдаги тадбирлар дастурини ишлаб чиқишни таклиф этди.

Шунингдек, Ҳиндистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигида Марказий Осиё мамлакатларида Ҳинд киноси ҳафталиги ва Ҳинд маданияти фестивалини ўтказишни таклиф қилди.

«Биз олдимизга қўйган режалар муваффақиятли амалга ошишининг энг муҳим шарти минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашдир, — дея таъкидлади давлат раҳбари. — Афғонистондаги мураккаб вазият умумий эътиборимиз марказида қолмоқда. Ушбу мамлакатда гуманитар инқироз авж олмаслигига йўл қўймаслик ҳамда тинчлик жараёнига кўмаклашиш муҳим. Бу Афғонистонда тинчликни таъминлашга ҳамда Марказий Осиё ва Ҳиндистон ўртасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтиришга хизмат қиладиган муҳим инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш учун янги имкониятлар очади».

Ўз нутқи якунида президент Ўзбекистоннинг якуний Деҳли декларациясини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.