Шавкат Мирзиёев 2 сентябрь куни Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Хизр мажмуасига ташриф буюриб, Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилди.
2009 йилдан буён ёпиқ бўлган Андижон вилоятидаги «Мингтепа» ва «Хонобод» ўзбек-қирғиз чегара божхона постлари очилди. Уларнинг биринчиси кундузги вақтларда, иккинчиси эса узлуксиз фаолият олиб боради. Аввалроқ Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларига чегарадан ID карта орқали ўтишга рухсат берилганди.
Урбанист Искандар Солиев Республика болалар кутубхонаси ёнидаги чорраҳани реконструкция қилиш концептини таклиф этди. «Аввал пиёдаларга, кейин велосипед ва самокатлар, сўнгра автомобилларга устуворлик берилади. Аслида ҳам шундай бўлиши керак», — деди у. Ҳозир чорраҳада машиналар гавжум.
Жиззах вилоятининг Зомин туманида аэропорт очилди. Терминал 30 йўловчига мўлжалланган. 1 сентябрь куни у LET L-410 ва Pilatus PC-24 самолётларини қабул қилди.
Сурхондарёнинг Сариосиё туманидаги мактаб директорини калтаклашда гумон қилинган шахс ушланиб, қамоққа олинди. Жабрланувчига ҳимоя ордери берилди, у тумандаги шифохонадан вилоят касалхонасига ўтказилди.
Президент Қасим-Жомарт Тоқаев «мамлакат келажаги билан боғлиқ ўта муҳим масала» бўлгани учун Қозоғистонда атом электр станцияси қурилиши бўйича умумхалқ референдуми ўтказишни таклиф қилди.
Собиқ молия вазирининг ўринбосари Одилбек Исаков Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазирининг консультант-маслаҳатчиси лавозимига жалб қилинди.
Auto Motors Asia МЧЖ таркибига кирувчи Jetour Uzbekistan компанияси Мустақиллик байрами муносабати билан автомобилларга чегирма эълон қилди.
Тошкент аэропортининг маҳаллий терминали олдидаги ҳудуд реконструкциядан сўнг қайта очилди. Илк бор барча автомобилларга қисқа муддат — 10 дақиқагача — терминал ҳудудига киришга рухсат берилди. Кутиб олувчиларга шароит яратилиши ёки йўқлиги ва реконструкцияга муҳтож автотураргоҳ тақдири очиқланмади.
Президент Ўзбекистон мустақиллигининг 32 йиллиги билан табриклаб, экология, кучли фуқаролик жамияти ва ОАВнинг аҳамияти, аёлларга тенг имкониятлар яратиш, бағрикенглик, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш каби масалаларга тўхталди. «Давлатнинг вазифаси инсонларни бахтли қилишдир», — дея эслаб ўтди у.
Сурхондарё ҳокими билан можародан сўнг омма эътиборига тушган Сариосиё туманидаги 28-мактаб директори Умида Турсунова ўқитувчилардан бирининг турмуш ўртоғи томонидан аёвсиз калтакланди. Вилоят ҳокими жабрланувчининг олдига бориб, вазиятни назоратга олганини билдирди.
«Газета.uz»га Brio Group (Oson) МБ қўллаган жарима юзасидан изоҳ берди. Шунингдек, тўлов ташкилотлари 5 сентябрдан трансчегаравий транзит операциялар тақиқланиши ҳақида огоҳлантирилгани айтилди. Компания МБдан миллионлаб мижозларга таъсир қилувчи масала бўйича шаффоф мулоқот ташкил этишни сўраяпти.
Мансаб сохтакорлиги ва ер бериш тартибини бузишда айбли деб топилиб, 3 йилга қамалган Урганч шаҳрининг собиқ ҳокими Шуҳрат Абдуллаев Олий суднинг кассация инстанциясида озодликка чиқарилди. Бундай ҳукмга унинг пушаймонлиги ва моддий зарарни тўлиқ қоплагани сабаб қилиб кўрсатилган.
Ўзбекистон мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан 286 нафар маҳкум афв этилди. Уларнинг 39 нафарини аёллар, 22 нафарини 60 ёшдан ошган эркак, 30 нафарини чет давлат фуқаролари, 3 нафарини тақиқланган ташкилотлар иштирокчилари ташкил этади.
Roodell компанияси — Chery брендининг Ўзбекистондаги расмий дистрибьютори Arrizo 6 Pro автомобили эгалари учун Sinbad бассейн комплексида ажойиб байрам ташкил қилди.
2019 йилдан буён Буюк Британия мудофаа вазири сифатида ишлаб келган Бен Уоллес истеъфога чиқди. У Украинага кўрсатилаётган ёрдамни кучайтиришда ҳал қилувчи ролни ўйнаган. Уоллеснинг ўрнини Энергетика вазирлигини бошқарган Грант Шаппс эгаллади.
Президент фармонига кўра «Ўзсувтаъминот», «Ўзоғирсаноатлойиҳа» ва «ТошуйжойЛИТИ» АЖлари акцияларини бошқариш ваколати Қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига ўтказилди.
Марказий банк жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузгани учун Brio Group (Oson) тўлов ташкилотига нисбатан жарима санкцияси қўлланганини маълум қилди.
Янги ўқув йили бошланиши муносабати билан Урганч, Хива ва Бухородан Тошкентга, шунингдек, Тошкентдан Бухоро вилоятининг айрим туманларига қўшимча автобуслар қатнови йўлга қўйилди.
Навоий вилоятида ўтказиладиган «Стихия» фестивали танқидларга учрагани ортидан вилоят ҳокимлиги муносабат билдириб, менталитетга хос бўлмаган ҳар қандай тадбирга қарши эканини маълум қилди. «Маънавиятимизга зид бўлган ҳолатларга йўл қўйилмаслиги бўйича кафолат хатлари олинган», — дейилади унда.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг