«Ўзсувтаъминот», «Ўзоғирсаноатлойиҳа» ва «ТошуйжойЛИТИ» АЖлари акцияларини бошқариш ваколати Қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига ўтказилди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов маълум қилди.

Шу йилнинг 28 августида Ўзбекистон Республикаси президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисидаги» фармони қабул қилинди.

Мазкур фармон билан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги фаолиятининг 8 та устувор йўналиши белгилаб берилди. Шунингдек. Вазирлик тизимидаги ташкилотларни қайта ташкил қилиш дастури ҳам тасдиқланди. Унга кўра, Қурилиш вазирлиги фаолиятини ривожлантириш жамғармасми ва Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигини ривожлантириш жамғармаси бирлаштирилиб, ягона жамғармага айлантирилди.

Вазирлик муассислигидаги 5 та давлат унитар корхоналари ва 1 та масъулияти чекланган жамияти қайта ташкил этилиб, давлат муассасаларига айлантирилди ҳамда фаолиятига оид асосий тартиб-таомиллар белгилаб берилди. Шунингдек, вазирлик ҳузуридаги марказ ва илмий-тадқиқот институти номлари ўзгартирилди ва фаолият йўналиши тасдиқланди.

«Ўзсувтаъминот», «Ўзоғирсаноатлойиҳа» ва «ТошуйжойЛИТИ» акциядорлик жамиятларининг акцияларини бошқариш ваколати вазирликка ўтказилиб, вертикал бошқарув ва ҳисобдорлик тизими яратилди.

Вазирлик ҳузуридаги «Кўп хонадонли уйларни мукаммал ва жорий таъмирлаш ҳамда иссиқлик таъминоти объектлари қурилиши бўйича» инжиниринг компанияси тугатилиб, унинг ўрнига ҳокимликлар ҳузуридаги «Кўп қаватли уйларни таъмирлаш» инжиниринг компаниялари ва ҳудудий бошқармалар ҳузурида «Иссиқлик таъминоти объектлари бўйича инжиниринг компаниялари» ташкил этилди.

Вазирлик ҳузурида аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича буюртмачи функциясини бажарадиган ҳамда Давлат шаҳарсозлик кадастрини ва Шаҳарсозлик геоахборот тизимини юритадиган Урбанизация ва шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш Республика маркази фаолияти йўлга қўйилмоқда. Шунингдек, архитектура, қурилиш, муҳандислик ва коммунал хўжалиги соҳаларида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда уларни баҳолаш бўйича ихтисослашган давлат олий таълим муассасаси яъни, Компетенцияни ривожлантириш институти ташкил этилмоқда.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги шаҳарсозлик фаолияти субъектлари томонидан аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат архитектура назоратини амалга оширишга масъул этиб белгиланди.

Вазирлик ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси объектларда қурилиш-монтаж ишларининг сифати ва лойиҳа ҳужжатларига мувофиқлигини назорат қилиш билан қаторда кўп квартирали уй-жой фондидан ва ичимлик сувдан фойдаланиш юзасидан давлат назоратини амалга ошириш учун масъул этиб белгиланди. Эндиликда ҳудудий инспекцияларнинг ходимлари сони назоратга олинадиган объектларнинг сонига қараб белгиланади.

Қурилиш фаолияти субъектларининг мажбурий тартибдаги назорат тадбирлари «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимининг «Қурилишда давлат назорати» электрон платформасида амалга оширилади.

Ҳудудий инспекциялар фаолиятини ташкил этиш, назорат қилиш ва уларга умумий раҳбарлик қилиш вертикал бошқарув тизими асосида инспекция ва вазирлик томонидан амалга оширилади. Бунда, ҳудудий инспекцияларнинг қонуний фаолиятига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа тегишли ташкилот ҳамда идораларнинг аралашуви ёки таъсир ўтказиши қатъий таъқиқланмоқда.

Архитектура, лойиҳа фаолияти ва қурилиш назорати мутахассисларини 10 та фаолият йўналиши бўйича сертификатлаш тизими жорий қилинмоқда.

Шунингдек, 19 та муҳим чора-тадбирлар, хусусан, ичимлик суви, канализация, иссиқлик таъминотини ривожлантириш, давлат харидлари ва рейтинг тизимини такомиллаштириш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш, энергия тежамкор намунавий лойиҳаларни жорий қилиш, давлат хусусий шериклик лойиҳаларини кенгайтириш, назорат тизимини кучайтириш, улуш асосида қуриш механизмларини қайта кўриб чиқиш, мутахассисларни сертификатлаш ва малакасини оширишга оид трансформация ва ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган «йўл харитаси» ҳам тасдиқланди.