Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги 28-мактаб директори Умида Турсунова мактаб ўқитувчиларидан бирининг турмуш ўртоғи томонидан калтакланди.

Бир кун аввал ижтимоий тармоқларда калтакланган аёлнинг сурати ва унинг синглиси қилган видеомурожаат тарқалди. Унда Турсунова реанимацияда экани маълум қилинганди.

Вилоят прокуратураси ўқитувчи Д.К.нинг турмуш ўртоғи Й.М. директорни «дарс соатларини асоссиз равишда камайтиригани» учун калтаклаб, баданига енгил шикаст етказгани ҳақида хабар берди. Кейинроқ прокуратура хабаридан «енгил» жумласи олиб ташланди.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 109-моддаси (Қасддан баданга шикаст етказиш) 2-қисми ва 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

«Гумон қилинувчи шахс процессуал тартибда ушланган. Жиноят ишининг тергови вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган», — дейилади хабарда.

Вилоят ҳокимлиги Умида Турсунова билан содир бўлган воқеадан чуқур афсусда эканини билдирди. 31 август куни кечқурун директор ётган шифохонага вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ташриф буюрди.

Жабрланувчига бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, бошнинг пешана тепа энса соҳаси кўплаб эзилиб йиртилган жароҳатлари, иккала кўз юқори ва пастки қовоқларга қонталашиш ташхиси қўйилган.

Аёлнинг аҳволи барқарор. Унинг туман тиббиёт бирлашмасидан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалига ўтказилиши режалаштирилган.

«Вилоят ҳокими Турсуновага шикаст етказган айбдорнинг қонунга мувофиқ жавобгарликка тортилишини ҳамда унинг тўлақонли даволанишини ўз назоратига олганини билдирди», — дейилади хабарда.

Июль ойи охирида Сариосиё туманида бўлиб ўтган учрашувда Умида Турсунова ва Улуғбек Қосимов ўртасида жанжал келиб чиққанди. Ўз вазифасини бажара олмагани учун ишдан бўшатилгани айтилган директор унга қарши тил бириктирилганини маълум қилган. Шундан сўнг унинг ёнига ички ишлар органи ходими келиб, уни залдан олиб чиқиб кетган. У бинодан чиқар экан: «Ҳайф сиздай вилоят ҳокимига», — дейди.

Шу куни суд томонидан аёлга «майда безорилик» ва «ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларига бўйсунмаслик» моддалари бўйича 10 суткага маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Сурхондарё вилоят судининг апелляция инстанцияси қарорни ўзгаришсиз қолдирган. Етти кундан кейин Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судьялар ҳайъати ҳибсга олиш муддатини 7 суткага қисқартирган.