Марказий банк Brio Group (Oson) тўлов ташкилотига нисбатан жарима санкцияси қўлланганини маълум қилди.

Регулятор матбуот хизматининг хабар беришича, ташкилот тўлов операцияларини амалга оширишда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузган. Шу сабабли унга нисбатан «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги қонунга асосан жарима санкцияси қўлланган.

Шу билан бирга, бошқа тўлов ташкилотлари ва уларга хизмат кўрсатувчи банклар шу каби қоидабузарликларга йўл қўйилган тақдирда, Марказий банк томонидан уларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши тўғрисида огоҳлантирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Газета.uz» Тошкентдаги Freedom Payments хорижий компанияси офисига ниқобли одамлар келгани ҳақида ёзганди. Манбаларимиз ходимларнинг ҳибсга олинганини хабар қилган.

Кейинчалик эса Freedom Technologies компаниялар гуруҳи бош директори Роман Миникеев таҳририятга бу бўйича изоҳ берганди.

«Freedom Pay компанияси йиллар давомида фаолиятида бенуқсон обрўга эга ишончли ва самарали ҳамкор сифатида ўзини тавсия қилиб келди. Ташкилот ҳозирда одатий режимдаги фаолиятини давом эттирмоқда. Ўз навбатида, 2023 йил 3 августда компанияда ўтказилган текширув давлат органларининг хорижий компаниялар ва банклар томонидан капиталнинг мамлакатдан олиб чиқиб кетилишининг олдини олиш бўйича стандарт жараён билан боғлиқ», — деганди у.

Шунингдек, Тошкент шаҳри ИИБ фуқароларнинг пластик карточкаларидан 12 миллиард сўм ўғирлангани ва «турли тўлов тизимлари» орқали хорижга пул олиб чиқиб кетилгани юзасидан тергов бошланганини маълум қилганди. Бу қайси тизимлар эканига аниқлик киритилмаган. Текширувлар бошқа тўлов ташкилотларида ҳам бўлиб ўтган.

5 август куни кечқурун Oson тўлов тизими «компанияга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра» хизмат Uzcard ва Humo тизимларидан вақтинча узилганини хабар қилган.

«Ҳамкорлар томонидан техник муаммолар кузатилди. Ноқулайлик учун узр сўраймиз. Носозлик онлайн тарзда қисқа вақт ичида тузатилади», — дейилганди хабарда.

6 август куни соат 20:00 дан кейин Payme иловасида Uzcard ва Humo тизимлари орқали пул ўтказмалари вақтинча ишламаётгани ҳақида хабар пайдо бўлди. Компания буни «режадан ташқари техник ишлар» деб изоҳлади.

Маълумот ўрнида, Oson халқаро ўтказмалар бўйича етакчилардан бири ҳисобланади. «Газета.uz» билан суҳбатлашган манба маълумотларига кўра, Россиядаги кўплаб меҳнат мигрантлари Ўзбекистонга пул ўтказиш учун бу иловадан фойдаланади.