Одилбек Рустамович Исаков Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазирининг консультант-маслаҳатчиси сифатида жалб қилинди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати. Бунга қадар у собиқ молия вазирининг ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Исаков эндиликда вазир Жамшид Кучкаровга давлат қарзи, халқаро рейтинглар билан ишлаш ҳамда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бўйича консультантлик қилади.

Улар аввал Исаков 2019—2023 йиллар оралиғида молия вазирининг ўринбосари бўлганида ҳам биргаликда ишлашган.

Айнан унинг қўл остида Ўзбекистон ўзининг биринчи евробондларини сотувга чиқарди, халқаро молия ташкилотлари билан фаол ишлай бошлади, давлат қарзини бошқариш стратегиясини ишлаб чиқди, давлат қарзи ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳалар мониторинги бошланди, алоҳида лойиҳалар учун давлат кафолати остида ташқи кредитларни жалб қилишни тўхтатди, давлат қарзини жалб қилиш чегараларини белгилади ва бошқа кўп нарсаларга эришди.

2022 йилнинг декабр ойи охирида содир бўлган маъмурий ислоҳотдан сўнг у ўз лавозимини тарк этди ва Лондондаги Британиянинг «Infrasia Capital» компанияси бош директори сифатида ишлай бошлади.

Одилбек Исоқов 1981 йилда туғилган, маълумоти олий, 1998−2000 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида таҳсил олган.

Буюк Британиядаги Манчестер метрополитан университетининг бизнес иқтисодиёти бўйича бакалаври (BA in Business Economics), Стратклайд университетининг молия бўйича магистр (MSc in Finance) даражаларига ҳамда малакали молиявий таҳлилчи (CFA — Chartered Finance Analyst) квалификациясига эга.

2016 йил март ойидан ҳозиргача HSBC инвестиция банки ривожланаётган мамлакатлар учун жаҳон молия бозорларида қимматли қоғозлар чиқаришни ташкил этиш бошқармаси директори (Лондон, Буюк Британия) лавозимида ишлаб келган.

Нуфузли «GlobalCapital» нашрининг «Жаҳон молия бозорларида ривожланаётган мамлакатлар билан ишлаш бўйича энг яxши банкир» унвони учун 3 карра номинация сазовори бўлган.