Ўзбекистон Олий суди кассация инстанцияси 29 август куни Урганч шаҳрининг собиқ ҳокими Шуҳрат Абдуллаевни озод қилиш бўйича ажрим чиқарди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов маълум қилди.

Гап шундаки, собиқ ҳоким ЖИБ Хива туман судининг 4 июлдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми «а» банди ва 229−4-моддаси (ер бериш тартибини бузиш) 2-қисми «а», «б» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилганди.

Унга 2 йилга муайян ҳуқуқдан, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида мансабдор ва моддий жавобгар шахс лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Кейинчалик иш Хоразм вилоят суди апелляция инстанциясида кўрилган. Суднинг 4 августдаги ажрими билан биринчи инстанция суди ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Олий суднинг ЖИБ судлов ҳайъатига Шуҳрат Абдуллаевнинг адвокатлари ҳимояси остидаги шахс асоссиз судлангани ва унинг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқлиги сабабли унга нисбатан оқлов ҳукми чиқариш ҳақида кассация шикоятларини киритди. Қолаверса, Хоразм вилоят прокурори судланувчи айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги ва етказилган моддий зарар қопланганлигини инобатга олиб, унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш ҳақида протест келтирди.

Олий суд кассация инстанциясининг 2023 йил 29 августдаги ажримига мувофиқ юқоридаги суд қарорлари ўзгартирилди. Судланган Ш. А. айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги ва иш бўйича етказилган моддий зарарни ихтиёрий равишда тўлиқ қопланганини инобатга олган ҳолда унга БҲМнинг 500 баравари (165 млн сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Шу тариқа, протест тўлиқ, шикоятлар эса қисман қаноатлантирилди. Шуҳрат Абдуллаевни жазони ижро этиш жойларида қамоқдан озод қилиниши белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, Шуҳрат Абдуллаев 1967 йилда Хоразм вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган. 2018−2020 йиллар мобайнида Урганч шаҳар ҳокими лавозимида фаолият юритган.