Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатда атом электр станциясини қуриш бўйича умумхалқ референдуми ўтказиш таклифини билдирди. У бу ҳақда 1 сентябрь куни халққа анъанавий мурожаатномаси давомида айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, расмийлар кейинроқ аниқ муддатлар тўғрисида қарор қабул қилишади.

«Мен ўзимнинг 2019 йилги сайловолди дастуримда ўта муҳим стратегик муаммолар бўйича қарорлар референдумлар орқали қабул қилинишини ваъда бергандим. АЭС қуриш ёки бундан воз кечиш — мамлакатимиз келажаги билан боғлиқ бўлган ўта муҳим масаладир. Шунинг учун уни умумхалқ референдумига олиб чиқишни таклиф қиламан», — деди у.

Тоsаев республикада АЭС қуришнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида турли хил фикрлар мавжудлигини таъкидлади.

«Бир томондан дунёдаги энг йирик уран ишлаб чиқарувчи сифатида Қозоғистон ўзининг шахсий атом генерациясига эга бўлиши керак. Баъзи экспертлар кичик реакторли станциялар қуриш тарафдори эканлигини билдирмоқда. Бошқа томондан эса кўплаб фуқаролар ва бир қатор мутахассислар атом станциялари хавфсизлигидан хавотирланишмоқда. Семипалатинск ядровий полигонининг фожиали меросини ҳисобга олсак, бу ҳам тушунарли», — деди у.

Президент бу борада жамоатчилик муҳокамаларини давом эттириш ва мазкур масалани кенг муҳокама қилиш зарурлигини қайд этди.

Тоқаев яқин беш йил ичида камида 14 ГВтлик янги энергия қувватлари ишга туширилиши режалаштирилаётганини маълум қилди. Жорий йилда «Экибастуз ГРЭC-1»нинг биринчи блоки реконструкцияси якунига етиши кутилмоқда. Станцияда жами 8та блок ишга туширилади, бу илгари ҳеч қачон бўлмаган. «ГРЭС-2»ни кенгайтириш бўйича лойиҳа амалга ошириляпти, «ГРЭС-3»ни қуриш лойиҳаси бошланяпти.

«Қозоғистон электр энергиясини импорт қилмаслиги, қўшни давлатларга қарам бўлмаслиги керак. Ҳозирда содир бўлаётган ҳолатга барча нуқтаи назардан, биринчи навбатда давлат хавфсизлиги нуқтаи назаридан йўл қўйиб бўлмайди», — дея таъкидлади у.

Таъкидлаш жоиз, Қоғозистон энергетика вазирининг ўринбосари Жандос Нурмаганбетов АЭС масаласи референдумга қўйилмаслигига ишонч билан айтганди.

Тоқаевнинг мурожаатномасидан сўнг Энергетика вазирлиги раҳбари Алмасадам Саткалиев аниқлик киритишича, АЭС бўйича халқ овози талаб этилмайди, бироқ давлат раҳбари мазкур лойиҳани умумхалқ овози билан ҳал этишга қарор қилган.

Августда Қозоғистон Энергетика вазирлиги АЭС қуриладиган жой ҳақида маълумот берганди. Унга кўра, ҳудуд станция Олмаота вилояти Жамбил тумани Улкен қишлоғи Балхаш кўли қирғоғида жойлашган. АЭС Бишкекдан 250 км, Тошкентдан эса — 800 кмча узоқликда қурилиши режалаштирилмоқда.

Лойиҳани амалга ошириш учун қуйидаги пудратчилардан бирини танлаш тавсия этилади:

  • Хитойнинг HPR-1000 реакторига эга CNNC компанияси;
  • Кореянинг APR-1400 реакторига эга KHNP компанияси;
  • Россиянинг ВВЭР-1200 ва ВВЭР-1000 реакторларига эга «Росатом» компанияси;
  • Франциянинг EPR-1200 реакторига эга EDF компанияси.