Икки ҳафталик реконструкция ишларидан сўнг «Тошкент-3» маҳаллий авиақатновлар терминали олдидаги ҳудуд 1 сентябрдан қайта очилди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.

Бу ерда транспорт воситаларининг терминал олдига келиши соддалаштирилди. Шундай қилиб, учта алоҳида йўлаклар пайдо бўлди: расмий аэропорт такси хизматлари, сайёҳлик автобуслари ва микроавтобуслар, шунингдек, кузатувчи ва кутиб олувчилар автомобиллари, шу жумладан агрегаторлар билан ишлайдиган таксилар (MyTaxi, Yandex Go ва бошқалар) учун.

3-терминал, вокзалолди, маҳаллий терминал, ноқулай шаҳар, тошкент аэропорти

Ҳудудга барча енгил автомобиллар, сайёҳлик автобуслари ва микроавтобуслар учун қисқа муддат — 10 дақиқагача киришга рухсат берилади. Автомобилнинг йўлакда ўтказган вақти 10 дақиқадан ошиб кетган тақдирда, ўрнатилган ва ЙҲХБ билан интеграциялаштирилган камералар қоидабузарларга автоматик равишда жарима солади. Шунингдек, келишнинг ўнг ва чап йўлакларини ажратиб турувчи сариқ чизиқда тўхташ тақиқланади ва бу қоидабузарлик ҳисобланади, бунинг учун жарима ҳам назарда тутилади.

«Бугунгача маълум бир хавфсизлик талабларидан келиб чиққан ҳолда автомототранспорт воситалари терминал олдига кира олмас эди. Эндиликда биз ҳайдовчилар учун халқаро стандартларга мувофиқ, йўловчиларни терминалда қолдириб, олиб кетишлари учун зарур шароитлар яратиб бердик», — дейилади «Uzbekistan Airports» АЖ Авиация хавфсизлиги хизмати хабарида.

3-терминал, вокзалолди, маҳаллий терминал, ноқулай шаҳар, тошкент аэропорти

Реконструксия пайтида терминал атрофидаги эски панжаралар демонтаж қилиниб, янгиси ўрнатилди. Бундан ташқари, ташриф буюрувчиларни ўтказувчи пунктлар янгиланди.

Кутиб олувчилар учун шароит яратиладими ва реконструкция қилиниши керак бўлган автотураргоҳ билан нима содир бўлишига аниқлик киритилмади.

Вокзал майдонини реконструкция қилиш ишлари Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 17 апрелдаги [159-сонли] аэропортлар, темир йўл ва автовокзалларда хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган қарори ижроси доирасида амалга оширилди.

3-терминал, вокзалолди, маҳаллий терминал, ноқулай шаҳар, тошкент аэропорти

Компания эслатиб ўтишича, 2024 йилнинг 1 январига қадар Ўзбекистондаги барча халқаро аэропортларда ҳам терминал олди ҳудудларини реконструкция қилиш ишлари амалга оширилади.

Яқинда «Газета.uz» урбанист Искандар Солиев билан биргаликда Тошкент аэропортининг халқаро терминалидаги айланма йўл ҳамда кутиб олувчилар учун яратилган шароитлар қанчалик ноқулай эканлиги ҳақида видео тайёрлаганди.