Brio Group (Oson бренди эгаси) тўлов ташкилоти «Газета.uz»га Ўзбекистон Марказий банкининг қонунбузилиши учун қўллаган жаримаси бўйича хабари юзасидан изоҳ берди. Шу билан бирга, компания «Ўзбекистоннинг молиявий технологияларни қўлловчи компаниялари (финтех) учун янада жиддий муаммолар юзага келаётгани» ҳақида маълум қилди.

«Бизнинг компания қарийб 7 йилдан бери бозорда ишлаб келмоқда, биз ҳеч қачон кўрсатмалар ёки огоҳлантиришлар олмаганмиз, қоидабузарлик жарималарини ҳам тўламаганмиз. Бундан ташқари, регуляторнинг илтимосига биноан биз процедуралар доирасидаги барча маълумотларни тақдим этдик ва шаффоф ишлаяпмиз, — дея таъкидлади Brio Group бош директори Фарҳод Маҳмудов. — Ҳуқуқшунослар жамоаси ҳозирда жарима масаласига аниқлик киритиш билан шуғулланмоқда».

brio group, oson, жарима, марказий банк, пул ўтказмалари, халқаро пул ўтказмалари

Фарҳод Маҳмудов.

Brio Group компаниясида қўшимча қилишларича, ОАВда хабарлар тарқалгач, Ўзбекистоннинг 50 дан ортиқ финтех-ташкилотлари Марказий банкдан 5 сентябрдан бошлаб трансчегаравий давлатлараро транзит операцияларини амалга ошириш тақиқланиши ҳақида хат олишган. Бу халқаро пул ўтказмалари бўйича хизматлар кўрсатиш, ўйин хизматлари ва хорижий компаниялар хизматлари учун тўловлар, шунингдек, бир қатор бошқа операциялар амалга ошириш тугатилишини англатади.

«5 сентябрдан биз ва барча тўлов ташкилотларига ҳамма халқаро сервисларни ўчириш мажбуриятини юклашяпти. Жаҳон миқёсидаги йирик компаниялар билан тўғридан-тўғри шартномаларимиз бор. Бундан келиб чиқадики, биз регулятор бозорни ёпиб қўяётганига асосланиб, барча келишувларни бир томонлама бекор қилишимиз керак», — деди Фарҳод Маҳмудов.

«Бу қанчалик шаффофлиги ва бу Ўзбекистоннинг халқаро бизнес, финтех ва IT, глобал молия институтлари инвесторлари олдидаги обрўсига қандай таъсир қилиши шубҳа остида қолмоқда», — дея таъкидлади у.

Brio Group Марказий банк раҳбарияти билан учрашиш бўйича сўров юборди.

Компания «фойдаланувчилар, саноат ва хорижий компаниялар манфаатлари йўлида шаффоф мулоқотни йўлга қўйиш бизнес ва тўлов тизимларининг миллионлаб мижозлари ҳуқуқларини бузмасдан ҳар қандай, ҳатто санкциявий чораларини амалга ошириш учун зарур, деб ҳисоблайди».

«Бизни ушбу хизматларни, эҳтимол, маълум бир банкдан харид қилиш сари олиб боришмоқда. Агар қоидалар шаффоф, олдиндан айтиш мумкин ва ҳамма учун тенг бўлса, биз бу тизимга қарши эмасмиз», — деди Фарҳод Маҳмудов.

«Раҳбар сифатида, албатта, мен жамоа ва компания учун хавотирдаман. Шу билан бирга, биз учун энг кўп ўзбекистонлик муҳожирлар бўлган 2 миллиондан ортиқ фойдаланувчимизни яқинларига оддий ва қулай тарзда пул ўтказиш ва хизматлар учун тўлаш имкониятисиз қолдирмаслик муҳимдир», — дея сўзини якунлади у.