Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари Сариосиё туманидаги 28-мактаб директори Умида Турсуновани калтаклашда гумон қилинган шахсни қўлга олди, деб хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Вилоят прокуратураси хабар берганидек, ўқитувчининг турмуш ўртоғи директорни «дарс соатларини асоссиз равишда камайтиригани» учун калтаклаб, тан жароҳати етказган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 109-моддаси (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисми ва 277-моддаси 3-қисми «г» банди (Жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб турган ҳокимият вакили ёки жамоатчилик вакилига ёхуд безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатиб содир этилган безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

умида турсунова, сурхондарё вилояти

Манба: Ижтимоий тармоқлар

Вилоят маъмуриятининг маълум қилишича, гумонланувчи қамоққа олинган. Унинг ҳибсга олингани акс этган видео ҳокимият каналида эълон қилинди.

Вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан Умида Турсуновага нисбатан ҳимоя ордери берилган. Даволаш ва соғлиғини тиклаш учун Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалига ўтказилган.

Аввалроқ вилоят ҳокимлиги Умида Турсунова билан содир бўлган воқеадан чуқур афсусда эканини билдирганди. 31 август куни кечқурун директор даволанаётган шифохонага вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ташриф буюрган.

Июль ойи охирида Сариосиё туманида бўлиб ўтган учрашувда Умида Турсунова ва Улуғбек Қосимов ўртасида жанжал келиб чиққанди. Ўз вазифасини бажара олмагани учун ишдан бўшатилгани айтилган директор унга қарши тил бириктирилганини маълум қилган. Шундан сўнг унинг ёнига ички ишлар органи ходими келиб, уни залдан олиб чиқиб кетган. У бинодан чиқар экан: «Ҳайф сиздай вилоят ҳокимига», — дейди.

Шу куни суд томонидан аёлга «майда безорилик» ва «ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларига бўйсунмаслик» моддалари бўйича 10 суткага маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Сурхондарё вилоят судининг апелляция инстанцияси қарорни ўзгаришсиз қолдирган. Етти кундан кейин Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судьялар ҳайъати ҳибсга олиш муддатини 7 суткага қисқартирган.