Ўзбекистон фуқаролари энди Қатарда 30 кунгача визасиз юриши мумкин. Бунда улардан қайтиш чиптасига эга ва хорижга чиқиш паспортининг амал қилиш муддати 6 ойдан кам қолмаган бўлиши талаб этилади. Июнда Ўзбекистон ҳам худди шундай режимни жорий қилганди.
Германияда Европа санкцияларига учраган россияликка тегишли бир нечта кўчмас мулк объектлари тинтув қилинди. Reuters`нинг ёзишича, гап Алишер Усмонов ҳақида кетмоқда. Усмоновнинг вакиллари эса тинтувлар тадбиркор назоратида бўлмаган объектларда ўтказилганини таъкидлади.
Тошкент туманидаги манзарали боғдорчилик ва ўрмон илмий-тажриба хўжалиги ҳудудидаги 85 туп қимматбаҳо навли ноёб ёнғоқ дарахтлари кесиб ташлангани, дарахтларнинг 103 тупи эса масъулиятсизлик сабаб қуриб қолишига олиб келингани аниқланди.
Тошкент вилоятида 3 туп ўсиб турган чинор кесиб кетилди. Оқибатда табиатга 148,7 млн сўм зарар етказилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Фарғона шаҳрида эса 1 туп кўп йиллик чинор кесиб ташланган. Ҳуқуқбузарларни ва зарар миқдорини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистонда давлат даромадига олинган мол-мулкларни соддалаштирилган аукцион тамойиллари асосида E-auksion shop электрон савдо дўкони орқали сотиш тартиби белгиланди.
Сурия ғарбида жойлашган ҳарбий коллежга дронлар ҳужум қилиши оқибатида камида 80 киши ҳалок бўлди, 240 киши жароҳатланди. Ҳужум ҳарбийларнинг битирув маросими вақтида юз берган. Ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ҳолат учун жавобгарликни ўз зиммасига олгани йўқ.
Айрим ҳудудларда ёмғир ёғиб ўтгач, шанба куни кундузи нам ҳаво массаси Ўзбекистондан чекина бошлайди ва республика бўйича яна ёғингарчиликсиз ҳаво кузатилади. Якшанба куни ҳарорат +22…+27 даражани ташкил этади. Баланд тоғли ҳудудларда ёмғир қорга айланиши эҳтимоли бор.
Наманган шаҳрида оҳак цехи 7 млрд 56 млн сўм сўмлик газдан ноқонуний фойдаланиб келгани аниқланди. Бу ҳажмдаги газ 23 мингдан зиёд хонадоннинг бир ойлик истеъмолини ташкил этади.
Россия президенти Владимир Путин Россия газининг Ўзбекистонга етказиб берилиши кутилаётган муддатга изоҳ берди. Унинг айтишича, тўлиқ етказиб бериш октябрь ойидан ҳозирча «кичик ҳажмда» бошланади. «Биз йилига 3 млрд кубометр етказиб берамиз, кейин эса кўпайтиришимиз мумкин», — дея қўшимча қилди у.
Ўзбекистон ҳудудида содир бўлувчи чанг бўронларига сабабчи ташқи ва ички омиллар ҳақида маълумот берилди. Ички омиллар қаторида қурилиш майдонлари сонининг ортиши ва улардан чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилиши келтирилди.
ДХХ, ИИВ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкентда фуқароларни 46 минг доллар эвазига АҚШга, 1200 долларга эса Кореяга юбормоқчи бўлган шахсларни қўлга олди.
Жаҳон банки Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ўсиши 2023 йилда 5,5 фоиз атрофида, 2024 йилда эса 5,6 фоиз даражасида бўлишини прогноз қилмоқда. Россиядан пул ўтказмалари камайиши туфайли истеъмол даражаси ўсиши секинлашади. Қашшоқлик даражаси бироз пасайиши кутилмоқда.
6 октябрь куни Бектемир, Юнусобод, Сергели, Яккасарой туманларидаги айрим маҳалла ва кўчаларда газ таъминоти вақтинча тўхтатилади.
Ўзбекистон биринчи марта 4,25 трлн сўм миқдоридаги яшил суверен халқаро облигациялар ҳамда 660 млн доллар миқдоридаги халқаро облигацияларни Лондон фонд биржасида жойлаштирди.
Осиё ўйинлари 2023 Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилмоқда. Ушбу мусобақада ўзбекистонлик бешкурашчи Алисе Фахрутдинова қувонарли натижаларни қўлга киритди ва Париж-2024 Олимпиадасига йўлланма олди. Life Group Business ушбу спорт турини қўллаб-қувватлайдиган компаниялардан биридир.
Ўзбекистон президенти Қозондан Москвага етиб борди. Аэропортда тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Шавкат Мирзиёев Россия президенти ва ҳукумат раҳбари билан музокаралар ўтказади.
Адабиёт бўйича Нобел мукофоти норвегиялик ёзувчи, шоир ва драматург Юн Фоссега «айтиб бўлмайдиганларни сўзлатадиган новаторлик пьесалари ва прозаси учун» берилди.
Ўзбекистон президенти Қозон шаҳрида Татаристон раҳбари Рустам Минниханов билан учрашди. Ҳамкорлик масалалари ва икки давлат ҳудудлари форуми якунлари муҳокама қилинди. Ўзбекистонда Россиянинг «Алабуга» ва «Мастер» технопарклари билан саноат паркларини ташкил этиш ҳам келишувлар рўйхатидан ўрин олди.
Украинанинг Харьков вилояти Купянский туманидаги дўкон ва кафега ракета зарбаси берилиши натижасида 50 га яқин одам, жумладан, бир бола ҳалок бўлди, яна етти киши жароҳатланган.
Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида тўй кортежининг икки иштирокчиси 10 суткага ҳибсга олинди. Машиналарни бошқараётган ёшлар тўй маросимига кетаётган йўлда рулни қўйиб юбориб, салондан тўлиқ чиқиб олишган.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг