Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 октябрь куни Россияга расмий ташрифи доирасида Қозон шаҳрида Татаристон раҳбари Рустам Минниханов билан учрашди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев эришилган ютуқларни мамнуният билан қайд этди.

«Савдо ва инвестициялар ҳажми ошиб бормоқда. Тошкент вилоятида „Чирчиқ“ кимё-индустриал технопарки муваффақиятли фаолият олиб бормоқда, Жиззах вилоятида технопарк қурилиши давом этмоқда. Кимё тармоғи ва машинасозликда йирик кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Жиззах шаҳрида Қозон федерал университетининг филиали ишламоқда», — дейилади хабарда.

Қозон шаҳрида ўтган учинчи Ўзбекистон-Россия ҳудудлараро ҳамкорлик форуми якунлари, жумладан, Ўзбекистон ҳудудларида Россиянинг «Алабуга» ва «Мастер» технопарклари билан янги саноат паркларини ташкил этиш бўйича эришилган келишувлар қайд этилди.

Металларга ишлов бериш, ахборот-коммуникация, уй-жой коммунал соаҳаларида истиқболли кооперация лойиҳаларини амалга ошириш, таълим, туризм ва ёшларга оид сиёсатда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

рустам минниханов, татаристон, шавкат мирзиёев, қозон шаҳри

Шавкат Мирзиёев Қозон шаҳрида Татаристон саноат салоҳияти кўргазмасини бориб кўрди. Бу ерда у Россия бош вазири ўринбосари — саноат ва савдо вазири Денис Мантуров билан учрашув ўтказди.

Россия Саноат ва савдо вазирлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда Россиянинг қарийб 80 та субъекти Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда, уларнинг учдан бир қисми Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик тўғрисида келишувларга эга. Ўзбекистон ва РФ ўртасида турли йўналишлар — саноат кооперацияси, саноат маҳсулотлари экспорт-импорти, нефть, газ, мазут, шунингдек, нефть конлари хизматлари ва тиббий хизмат кўрсатиш соҳаларида салоҳиятли 60 дан ортиқ қўшма лойиҳалар рўйхати шакллантирилди.

рустам минниханов, татаристон, шавкат мирзиёев, қозон шаҳри

Ўзбекистон президенти «Қозон Кремли» тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонасида ҳам бўлди, Қул Шариф масжиди ва Благовешенск соборини бориб кўрди, Татаристон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий Камиль Самигуллин ҳамда Татаристон митрополити Кирилл билан суҳбатлашди.

Аввалроқ минтақавий форум доирасида Тошкент вилоятида Wildberries логистика хабини қуриш, Ozon маркетплейси билан электрон тижоратни ривожлантириш, Россиядан метро вагонларини етказиб бериш, сув таъминоти ва канализация соҳасида ўзаро тажриба алмашиш ва бошқа масалалар бўйича ҳужжатлар имзолангани ҳақида ёзган эдик.

Шавкат Миирзиёев Қозондан Москвага учади ва у ерда Россия президенти Владимир Путин билан учрашув режалаштирилган.