Германия полицияси ва божхона ходимлари Мюнхен ва Тегернзе шаҳарларидаги бир нечта кўчмас мулк объектларини тинтув қилди. Улар Россиянинг Украинадаги уруши сабаб Европа санкцияларига учраган россияликка тегишли экани айтилган. Reuters`нинг ёзишича, гап Алишер Усмонов ҳақида кетмоқда.

Германия божхона органлари томонидан санкциялар бўйича тузилган «Matryoshka» махсус комиссияси тинтувлар суд қарори асосида ўтказилганини маълум қилди. Шунингдек, мамлакат расмийлари россияликнинг исмини ошкор қилмаган.

Reuters суҳбатдошининг сўзларига кўра, гап миллиардер Алишер Усмонов ҳақида кетмоқда.

Германиянинг Bild нашри ҳам полиция Усмоновнинг Бавариядаги Роттах-Эгерн шаҳрида жойлашган, Тегернзе кўли қирғоғидаги вилласига рейд уюштиргани ҳақида ёзди. Нашрга кўра, уйдаги қимматбаҳо буюмлар, жумладан, Mercedes Maybach S500 каби қимматбаҳо автомобиллар олиб қўйилган.

«Германия ҳуқуқ-тартибот идораларининг Алишер Усмоновга нисбатан хатти-ҳаракатлари кучли ҳайрат ва уят ҳиссини уйғотади», — дея қайд этган Усмонов матбуот хизмати «РИА Новости»га.

Усмонов вакиллари тинтувлар ҳозирда миллиардер назорати остида бўлмаган объектларда ўтказилганини таъкидлаган.

«Бир пайтлар ўзи ташкил этган трест мулкига нисбатан Усмонов унинг таъсисчиси эканини, бироқ эгаси эмаслигини, унинг активларини бошқариш ёки назорат қилиш ҳуқуқига эга эмаслигини таъкидлади. Шундан келиб чиқиб, у ҳозирда трестга тегишли мулк билан нима содир бўлаётганини била олмайди», — дея қўшимча қилди матбуот хизмати.

«Шуни таъкидлаб ўтишни истаймизки, бўлиб ўтган тинтув қўрқитиш ва сиёсий таъқибнинг миллатга ишора қиладиган навбатдаги эпизодидек кўринади, бу немис божхонасининг „Matryoshka“ махсус тергов комиссияси номида ҳам яшириб ўтирилмайди», — дея таъкидлади тадбиркор вакили.