«Ўзенергоинспекция» ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖ томонидан Наманган шаҳрида ўтказилган назорат тадбирларида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди, дея хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи А.Н.га қарашли оҳак ишлаб чиқариш цехи табиий газ ҳисоблагичисиз, тармоққа ноқонуний равишда уланган. Бунинг оқибатида давлат манфаатларига 7 млрд 56 млн сўм (4 млн 704 минг метр куб) зарар етказган.

Ушбу ҳажмдаги табиий газ ҳозирги кунда 23 минг 520 та хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг, дейилади хабарда.

Қоидабузар истеъмолчига нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўриш учун тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда сентябрь ойи давомида 111 млрд 428 млн сўмлик электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Бундай ҳолатларнинг энг кўпи Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.