Ўзбекистонда чанг бўронларига сабаб бўлувчи 2 та омил мавжуд. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати агентлиги раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Анжуманда қайд этилишича, чанг бўронларини қуйидаги омиллар келтириб чиқаради.

Ташқи омиллар:

  • Қозоғистон, Туркманистон ва Афғонистон ҳудудларида глобал иқлим ўзгариши таъсирида ёмғир миқдори кескин камайгани, сув ҳавзалари қуриши фонида суғориладиган ерларнинг деградацияга учраши сабабли чўлланиш авж олиб, кучли бўронлар содир бўлмоқда ва қум-чанг кўтарилиб, Ўзбекистон ҳудудига кириши;
  • Ўзбекистонинг Ғарбий (Бухоро) ва Жанубий (Қашқадарё ва Сурхондарё) вилоятларига эса, Туркманистон ва Шимолий Афғонистоннинг (Афғон шамоли) чўл ҳудудларида кўтарилган қум ва чанглар бўронлар орқали кириб келиши.

Ички омиллар:

  • мамлакатда чўлланиш ва яйловлар деградациясининг авж олиши;
  • қурилиш майдонлари сонининг ортиши оқибатида шамол фонида унда чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилиши;
  • атмосферага саноат корхоналари ва автомашиналар томонидан зарарли тутунларнинг чиқарилиши.

Таъкидланишича, Ўзгидромет агентлигининг Атроф-муҳит сифати мониторинги бошқармаси 26 та шаҳарнинг 74 та стационар кузатув пунктларида ҳаво ифлосланишини кузатади. Улардан 66 та стационар постларда кунига 3 марта ҳаводан намуна олиш амалга оширилади.

Республиканинг 7 та — Жиззах, Гулистон, Самарқанд, Термиз, Нукус, Урганч ва Тошкент шаҳарларида ўрнатилган 8 та замонавий автоматик мониторинг станцияларида «Horiba» онлайн кузатувлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, атмосфера ҳавоси сифатини маршрут кузатувлари мобил экологик лаборатория ёрдамида амалга оширилади.

Мазкур кузатиш пунктлари атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи 12 турдаги ташламалар мониторинг қилинади. Жорий йилда атмосфера ҳавосидан Тошкент шаҳрида 23 мингтадан зиёд, бутун тармоқ бўйича 98 мингта намуналар олинди ва таҳлил қилинди. Бухоро, Термиз, Тошкент шаҳарларида атмосфера ҳавосини майда чанг зарралари РМ10 билан юқори даражада ифлосланиши ҳолатлари қайд этилди.

Шунингдек, Гидрометеорология хизмати агентлиги қайд этишича, ҳаво ҳарорати +40 даража ва ундан юқори бўлган кунлар сони ортган. Чўл ҳудудларида, республиканинг шимоли ва жанубида ғайритабиий иссиқ кунлар сони 25−40 кунгача узайди. Одатда 15−30 кун давом этган.

Қуруқ даврларнинг давомийлиги кўпайди, бу эса атмосфера қурғоқчилиги ва сув тақчиллиги ошишига олиб келади. Сўнгги йилларда атмосфера қурғоқчилиги бўлган кунлар сони 50−80 кунни ташкил этиб, ўртача кўп йиллик қийматлардан ортмоқда (30−70 кун).