Тошкент вилояти Тошкент туманида мамлакат ҳудудига мослаштириш ва селекция қилиш мақсадида экилган қимматбаҳо навли ноёб ёнғоқ дарахтлари нобуд қилинаётгани аниқланди, дея хабар берди Бош прокуратура.

Бош прокуратура, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Ўзбеккосмос агентлиги томонидан ҳамкорликда Ўрмон агентлиги ҳузуридаги Тошкент вилояти Тошкент туманида жойлашган манзарали боғдорчилик ва ўрмон илмий-тажриба хўжалиги (халқ тилидаги «Дендропарк») ҳудудидаги ўсимликлар дунёси аҳволи аэрокосмик таҳлил асосида ўрганилиб, йиллар кесимида хўжалик ҳудудидаги яшиллик даражаси қисқараётганлиги аниқланди.

Шу сабабли, прокуратура, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, илм-фан ва жамоатчилик вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, бевосита хўжалик ҳудудига чиққан ҳолда юзага келган вазият ўрганилганда, ўтган асрнинг 60 йилларидан бошлаб мамлакат ҳудудига мослаштириш ва селекция қилиш мақсадида экилган қимматбаҳо навли ноёб ёнғоқ дарахтлари нобуд қилинаётгани маълум бўлди.

Хусусан, ўрганишда дарахтларнинг парваришига масъулиятсизлик билан ёндашилганлиги оқибатида 103 туп ёнғоқ дарахтининг қуриб қолишига олиб келингани, шунингдек 85 туп кўп йиллик ёнғоқ дарахтининг кесилиб, илдизи билан қўпориб олинганлиги аниқланди.

дарахт кесилиши, тошкент

дарахт кесилиши, тошкент

Шу билан бирга, илмий-тажриба хўжалиги ҳудудида турли фуқаролар ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан манзарали боғдорчилик ва ўрмон соҳасига алоқаси бўлмаган хўжалик фаолияти олиб борилаётганлиги, кўплаб капитал қурилишлар амалга оширилганлиги аниқланиб, хўжалик ҳудудидаги мазкур қурилишларнинг қонунийлиги ва аэрокосмик таҳлил асосида бошқа дарахтларнинг кесилиши ҳолатлари тегишли давлат идоралари мутахассислари иштирокида тўлиқ ва ҳар томонлама ўрганилиши бошланди.

Прокуратура ўрганиш натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланишини қайд этди.