5 октябрь куни Сурия ғарбидаги Хомс шаҳрида жойлашган ҳарбий коллежга уюштирилган дронлар ҳужуми оқибатида камида 80 киши ҳалок бўлди, 240 киши жароҳатланди. Қурбонлар сони аслида 100 дан ошиқ бўлган, дея ёзмоқда Reuters.

Нашрнинг қайд этишича, мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Ҳасан Ал-Гобаш давлат телевидениесига берган маълумотида ўлимлар сонини камроқ айтган, 80 киши, жумладан, олти нафар аёл ва олти нафар бола ҳалок бўлганини, 240 нафарга яқин одам яраланганини таъкидлаган. Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси эса 100 дан ортиқ одам ҳалок бўлганини, 125 киши яраланганини маълум қилди.

Ҳужум ҳарбий хизматчилар va уларнинг яқинлари иштирок этган битирув маросими вақтида содир бўлган. Reuters`нинг ёзишича, маросимда Сурия мудофаа вазири Али Маҳмуд Аббос ҳам иштирок этган ва дронлар ҳужумидан бир неча дақиқа олдин тадбирни тарк этган.

Сурия Мудофаа вазирлиги ҳужумда «таниқли халқаро томонлар қўллаб-қувватлайдиган террорчилик гуруҳлари»ни айблади ва ҳужумга жавоб қайтарилишига ваъда берди. Ҳозиргача ҳеч бир гуруҳ ҳолат учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади. Reuters`нинг қайд этишича, коллежга ҳужум қилинишидан олдин Сурия ҳукумати кучлари Идлиб провинциясининг мухолифат назорати остидаги ҳудудга ҳужум уюштирган.

Сурия ҳукумати қурбонлар хотирасига уч кунлик мотам эълон қилди.