Норвегиялик ёзувчи Юн Фоссе 2023 йилги адабиёт бўйича Нобел мукофотини «таърифлаб бўлмайдиган нарсаларга овоз берадиган новаторлик пьесалари вапрозаси учун» қўлга киритди. Бу ҳақда Швеция Қироллик Фанлар академиясининг Нобел қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

«Унинг янги норвег тилида (замонавий адабий норвег тилининг бир тури — таҳр.) ёзилган улкан ижоди турли жанрларни қамраб олади ва кўплаб пьесалар, романлар, шеърий тўпламлар, эсселар, болалар китоблари ва таржималардан иборат. У бугунги кунда дунёдаги энг машҳур драматурглардан бири бўлса-да, унинг насри ҳам тобора машҳур бўлиб бормоқда», — дейилади Нобел қўмитаси баёнотида.

Қўмита, шунингдек, Фоссе «Фоссе минимализми» номи билан машҳур бўлган услубда романлар ёзишини таъкидлади.

Юн Фоссе 64 ёшда. Биринчи романи «Қизил, қора» 1983 йилда, «Ва биз ҳеч қачон ажралмаймиз» номли биринчи пьесаси 1994 йилда нашр этилган. Унинг асарлари кўплаб халқаро адабий мукофотларга сазовор бўлган.

2022 йилда Нобел қўмитаси француз ёзувчиси Анни Эрнога «шахсий хотиранинг жамоавий чекланиши ва бегоналашувининг чуқур илдизларини очиб беришдаги жасорати ва ўткир зеҳни» учун мукофотлаган эди.

Аввалроқ тиббиёт, физика ва кимё бўйича Нобел мукофоти лауреатлари маълум бўлган эди.