Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида 3 туп ўсиб турган чинор кесилгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят Экология бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Туманнинг «Файзобод» МФЙ ҳудудида ушбу дарахтлар кесилиши оқибатида табиатга 148 миллион 793 минг 500 сўм зарар етказилган. Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилди. Айни дамда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Шунингдек, 4 октябрь куни Фарғона шаҳрида ҳам 1 туп кўп йиллик чинор дарахти номаълум шахслар томонидан ўзбошимчалик билан кесилгани аниқланган.

Кесилган дарахт қолдиқлари вақтинчалик сақлаш учун шаҳар ободонлаштириш бошқармаси омборхонасига жойлаштирилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарларни ҳамда ўсимлик дунёсига етказилган зарар миқдорини аниқлаш мақсадида ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда, дейилади вилоят Экология бошқармаси хабарида.