Пайшанба куни Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудларига Кавказ ҳудудларидан нам ҳаво массалари кириб келди, жума куни эса нам ҳаво массалари республиканинг барча ҳудудларига тарқалмоқда. Бу ҳақда Ўзгидромет хизмати агентлиги хабар берди.

6 октябрь куни кундузи ва 7 октябрга ўтар кечаси ҳудуднинг катта қисмида булутли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, баъзи жойларда ёмғир ёғади, айрим жойларда шамол тезлиги 13−18 м/с гача кучаяди. Ҳаво ҳарорати кечаги кунга нисбатан 6−8 даражага паст бўлиб, +18…+23 даражани ташкил этади.

Шанба куни кундузи нам ҳаво массаси Ўзбекистон ҳудудидан чекина бошлайди ва республика бўйича яна ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади, фақат эрталабки соатларда марказий ва шарқий вилоятларнинг айрим жойларида бироз ёмғир ёғиши мумкин. Якшанба куни эса Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича ёғингарчилик кутилмайди.

Дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади ва якшанба куни +22…+27 даражани ташкил этади. Кечаси ва эрталаб салқин бўлиши кузатилади, ҳаво ҳарорати +9…+14 даража атрофида бўлади.

Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида 6−8 октябрь кунлари вақти-вақти билан ёмғир ёғади. 6−7 октябрда баъзи жойларда кучли бўлади, сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин. Баланд тоғли ҳудудларда ёмғир қорга айланиши эҳтимоли бор.

Пойтахтда ҳаво ўзгариб туради, 6−7 октябрда кечаси вақти-вақти билан ёмғир ёғади. 7 октябрда эрталаб бироз ёмғир ёғиши мумкин, кундузи ёғингарчилик кутимайди. 8 октябрда ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 5−10 м/с тезликда эсади. Ҳарорат асосан кечалари +11…+14 даража, кундузи 6 октябрда +21…+23 даража, 7−8 октябрда +23…+26 даража бўлади.