Шавкат Мирзиёев 13 февраль куни 2024 йилга мўлжалланган асосий стратегик ислоҳотларга бағишланган тақдимот билан танишди. Аввалроқ ёзганимиздек, бешта асосий йўналишда — транспорт, урбанизация ва шаҳарсозлик, тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ва энергетика соҳасига доир ислоҳотлар кўриб чиқилди.

Тақдим этилган лойиҳаларга кўра, Тошкент шаҳрида пуллик тўхташ жойлари тизимини ривожлантириш кўзда тутилган. Бу ҳақда президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги директори Баходир Рахматов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

автотураргоҳлар, пулли тўхташ жойлари, транспорт, тўхташ жойлари, баходир рахматов

Маълум қилинишича, пойтахтда ҳар 1000 кишига 260−280 та автомобиль тўғри келади. Ҳар куни шаҳарга 160−280 мингга яқин автомобиль ёки 1,3 миллион киши киради.

Кўчалар бўйлаб пуллик тўхташ жойлари ташкил этиш учун ер участкаларини 10 йилгача муддатга ажратиш кўзда тутилган. Айни пайтда 27 участкада тўхташ жойлари қуриш учун лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.

Ерлар E-Auksion тизими орқали танлов асосида ажратилади. Бундай автотураргоҳлар Тошкентнинг 10 та марказий кўчасида ташкил этилиши керак. Бундан ташқари, 2 та паркон (тўхташ ва йўл ҳаракати қоидалари бузилишини назорат қилувчи электрон тизимга эга автомобиль), 2 та эвакуатор ва 57 та паркомат сотиб олиш режалаштирилган.

Худди шу муддатга пуллик кўп қаватли автотураргоҳлар қуриш учун ҳам ер участкалари ажратилиши мумкин. Бундай автотураргоҳларни жамоат транспортининг охирги бекатлари яқинида, шунингдек, аҳоли зич жойлашган ҳудудларда қуриш таклиф этилмоқда.

2024 йилда автомобиллар тирбандлиги юзага келадиган жойларда камида 4 та кўп қаватли автотураргоҳлар қуриш режалаштирилган. Лойиҳага кўра, улар 7 қаватли ва 729 ўринли бўлади. Ҳар бир автотураргоҳ қуриш лойиҳасининг ўртача қиймати қарийб 52 миллиард сўмни ташкил этади.

Автотураргоҳларни ташкил этишда тадбиркорларга ер солиғи бўйича имтиёзлар бериш таклиф этилмоқда.

Ҳар бир тўхташ жойининг нархи маълум бир транспорт воситасининг зарарли чиқиндилари даражасига қараб белгиланиши режалаштирилган.

Режаларда, шунингдек, кўп қаватли турар-жой бинолари яқинида тўхташ жойлари ташкил қилишни тақиқлаш ҳам кўзда тутилган.

Контекст: Кўчалардаги пуллик тўхташ жойлари

2022 йил апрель ойида Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Тошкент транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси директори Мурод Абидов ўша йилнинг 1 ноябрига қадар шаҳарнинг 10 та кўчасида тажриба тариқасида пуллик тўхташ жойлари жорий этиш ниятида эканини маълум қилган эди.

2022 йилнинг ноябрида ислоҳотни амалга ошириш йил сўнггига қолдирилганди. Шу билан бирга, пойтахт транспорт бошқармаси биринчи пуллик тўхташ жойларининг макетларини эълон қилган. 2251 та тўхташ жойига хизмат кўрсатиш учун 57 та паркомат ўрнатиш, 2 та эвакуатор ва 2 та паркон харид қилиш режалаштирилган эди.

2022 йил декабрь ойида Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўз қарори билан Транспорт бошқармасининг аввалроқ эълон қилинган схемаси бўйича илк йўл бўйи пуллик тўхташ жойлари ташкил этилишини маъқуллаган эди. Kasy Park компанияси тизимни давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиши, пилот кўчаларга паркоматлар ўрнатиши керак эди.

2023 йил февраль ойида президент Тошкентнинг 20 та кўчасида 10 минг автомобиль учун пуллик тўхташ жойлари жорий этилишини маълум қилган эди.

«Газета.uz» бунга қадар ҳам бир неча бор Тошкентдаги тартибсиз тўхташ жойлари муаммолари ҳақида ёзган. Автомобиллар жамоат жойларини эгаллаб, тротуарларда пиёдаларнинг йўлларини тўсиб қўймоқда, жамоат транспорти ҳаракатига халал беряпти, бекатларга кириш ва ажратилган йўлакларни тўсиб қўймоқда.

Тошкент шаҳри ҳокимлиги томонидан тендер ўтказилиб, пудратчи, у билан ишлаш шартлари аниқланганига қарамай, пуллик тўхташ жойлари жорий этилмаган. Бунинг расмий эълон қилинган сабаби — Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда пуллик автотураргоҳдан фойдаланганлик учун тўловни тўламаганлик жаримаси назарда тутилмаган. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан кодексга ўзгартиришлар киритилиши мумкин, «Газета.uz» мухбири 2023 йилнинг ноябрида бу ҳақда сўраган эди.

Контекст: Кўп қаватли тўхташ жойлари

Тошкент шаҳри ҳокимлиги 2017 йилнинг баҳорида собиқ автомобиль гаражлари ўрнида икки, уч ва олти қаватли автотураргоҳлар қуриш режасини эълон қилган эди. Ўшанда шундай автотураргоҳларнинг дастлабки лойиҳалари намойиш этилганди. Ўша йилнинг ёзида собиқ ҳоким Раҳмонбек Усмонов биринчи қаватида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари жойлашган кўп қаватли автотураргоҳлар қурилишини маъқуллаган эди.

Ундан бир йил олдин — 2016 йил март ойида аэропорт яқинида, Шимолий вокзал ва бошқа жойларда кўп қаватли автотураргоҳлар қуриш режалари эълон қилинган эди.

Ушбу режалар умуман амалга ошмади, кўп қаватли автотураргоҳлар қуриш режалаштирилган баъзи жойларда бошқа объектлар, масалан, турар-жой мажмуалари пайдо бўлди.

2023 йил февраль ойида кўп қаватли автотураргоҳлар қуриб, тадбиркорларга тайёр бизнес тарзида берадиган махсус давлат органи ташкил этилди. Кўп қаватли автотураргоҳлар объект қийматининг 10 фоизи миқдорида бошланғич баҳоси билан онлайн-аукционга қўйилиши кутилмоқда. Биринчи босқичда транспорт воситалари оқими тўпланувчи камида 4 та манзилда шундай автотураргоҳлар қуриш режалаштирилган, дейилади президент қарорида. Бу рақам бир кун аввал эълон қилинган кўрсаткичга тўғри келади.

Мурод Абидов «Газета.uz»га берган интервьюсида пойтахтда тўхташ жойлари сони ва шахсий автомашиналардан фойдаланиш заруриятини камайтириш мақсадида жамоат транспортини ривожлантириш учун шарт-шароит яратиш режалаштирилаётгани ҳақида маълум қилганди. Бетартиб тўхташ жойлари ўрнига жамоат жойлари яратилиши мумкин, деганди у.

Қуйидаги ҳаволалар орқали Тошкент шаҳридаги тўхташ жойлари ҳақидаги материалларни топиш мумкин.