Шаҳар бош режасисиз Тошкентни барқарор ривожлантириш — имконсиз. Ушбу ҳужжатга бўлган эҳтиёж олдиндан билиб бўлмайдиган, режадан ташқари қурилишлар шаҳардаги транспорт билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга имкон бермаётгани билан изоҳланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида шаҳарсозликни барқарор ривожлантириш масалалари муҳокамаси чоғида Ички ишлар ва Транспорт вазирликлари вакиллари, шунингдек, шаҳаршунос Искандар Солиев таъкидлаб ўтди.

Тадбир 16 ноябрь, пайшанба куни бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири. Эшитув БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ойлиги доирасида Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳамда Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш ва экология қўмитаси раислигида бўлиб ўтди.

барқарор ривожланиш, жамоат транспорти, йҳх, кўкаламзорлаштириш, одамлар учун шаҳар, орзудаги тошкент, пуллик тўхташ жойлари

Фото: Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати.

Тошкент кўчаларидаги вазият

ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги муаммоларини ўрганиш маркази раҳбари Машраб Раззоқовнинг қайд этишича, 2022 йилда Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган автомобиллар сони 730 мингдан зиёдни ташкил этган. Қолаверса, автотранспорт воситалари сонининг ўсиш суръати 2021 йилга нисбатан қарийб икки карра ошган: 2021 йилда пойтахтда 45 мингта янги автомобил рўйхатга олинган бўлса, 2022 йилда уларнинг сони 76 мингтага етган.

Бундан ташқари, турли манбаларга кўра, Тошкентга турли ҳудудлардан кунига 160 мингдан 300 минггача автомобиль ва 1,5 миллиондан зиёд киши кириб келади.

Шаҳарлараро поездлар ва самолётлар муайян рейслари ва йўналишлари мавжуд эмаслиги, шунингдек, чипталар нархининг қимматлиги Тошкентга кириб келувчи автомобиллар сонини сунъий равишда оширмоқда, дея таъкидлади Машраб Раззоқов.

барқарор ривожланиш, жамоат транспорти, йҳх, кўкаламзорлаштириш, одамлар учун шаҳар, орзудаги тошкент, пуллик тўхташ жойлари

Фото: Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати.

Унинг қўшимча қилишича, самолёт, поезд ва шаҳарлараро автобусларга чипта сотиб олиш, вокзал ва аэропортларга етиб бориш, автобус тўлишини кутиш одамларга ноқулайлик туғдирганлиги учун улар автомобилни афзал кўради. Барқарор шаҳарлараро транспорт турларининг мавжуд эмаслиги таксиларни ҳаракатланиш учун энг жозибали транспорт воситасига айлантирмоқда.

«Жамоатчилик сўрови иштирокчиларининг 62 фоизининг фикрига кўра, Тошкент шаҳридаги тирбандликларнинг асосий сабаблари автомобиль бошқариш маданияти, жамоат транспорти учун алоҳида ажратилган йўлакларнинг мавжуд эмаслиги, йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши ва автомобиль тўхташ жойларининг ташкиллаштирилмаганлиги ҳисобланади», — дейди Машраб Раззоқов.

Экология вазирлиги маълумотларига кўра, Тошкент шаҳрида атмосферага ажратилаётган чиқиндиларнинг 90 фоиздан ортиғи автомобиль транспорти ҳиссасига тўғри келади. Пойтахт мунтазам равишда дунёдаги энг ёмон ҳаво сифатига эга шаҳарлар қаторидан жой олиб келмоқда.

Машраб Раззоқовнинг таъкидлашича, талабалар ҳисобига Тошкент йўл тармоғига сезиларли юклама тушади. Пойтахтдаги олий ўқув юртларида 360 минг нафарга яқин талаба таҳсил олади. Уларнинг 54 фоизи эрталабки тиғиз вақтда автомобиль ва таксилардан фойдаланади.

барқарор ривожланиш, жамоат транспорти, йҳх, кўкаламзорлаштириш, одамлар учун шаҳар, орзудаги тошкент, пуллик тўхташ жойлари

Бундан ташқари, тирбандликлар юк ташиш транспортининг тартибга солинмаганлиги сабабли юзага келади. Пойтахтда 50 минг юк автомобили рўйхатга олинган. Шаҳар ҳудудига вилоятлардан кунига яна 7 минг юк машинаси кириб келади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, иш билан таъминланган фуқаролар ва талабаларнинг ҳаракатчанлиги (мобиллиги) кунига 6 миллион сафарни ташкил қилади. Ваҳоланки, жамоат транспорти бу талабнинг тўртдан бир қисминигина таъминлашга қодир.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги муаммоларини ўрганиш маркази раҳбари атмосферага ажратилаётган чиқиндиларни камайтириш учун эски автотранспорт воситаларининг ҳаракатланишини чеклаш, ҳавони ифлослантирганлик, шунингдек, икки ёки ундан ортиқ автомобилга эгалик қилганлик учун солиқ жорий этиш, жамоат транспорти учун ажратилган йўлаклар, шунингдек, велосипед йўлакларининг барқарор ишлашини йўлга қўйиш ва йўл четида пуллик тўхташ жойларини ташкил этишни таклиф қилди.

Машраб Раззоқов пойтахтда тирбандликларнинг олдини олиш учун давлат хизматчилари, вояга етмаганлар ва талабалар учун жамоат транспорти ва шаҳарлараро электр поездларини бепул қилиш, ерости ва ер усти пиёдалар ўтиш жойлари, шунингдек, кўп қаватли автотураргоҳлар қуришни таклиф этди.

Шаҳаршунос Искандар Солиев йўл ўтказгичлар қурилиши, йўл ўтказувчанлигини ошириш мақсадида светофорлар сонининг қисқартирилиши, анъанавий пиёдалар ўтиш жойларини ерости ва ер усти пиёдалар ўтиш жойларига алмаштириш тирбандлик муаммосини янада чуқурлаштирмоқда, дея эътироз билдирди. Пиёдалар ва велосипедчилар учун шаҳар муҳитининг мавжуд эмаслиги шахсий транспорт воситаларига талабни оширади. Ҳозирги солиққа тортиш тизими шароитида жамоат транспорти бепул бўлиши мумкин эмас, дейди эксперт.

«Газета.uz» транспорт муаммоларини ҳал этишда кўчаларни кенгайтириш, йўл ўтказгичлар, ер ости ва ер усти пиёдалар ўтиш жойларини қуриш самарасиз экани хусусида ўнлаб материаллар эълон қилган. Уларни материал охиридаги «йҳх», «одамлар учун шаҳар» ва «орзудаги Тошкент» каби теглар ёрдамида топиш мумкин.

Пуллик автотураргоҳлар

«Газета.uz» журналисти Сабина Бакаеванинг таъкидлашича, режали ишлайдиган яхши жамоат транспортисиз шаҳарни барқарор ривожлантириш имконсиз.

барқарор ривожланиш, жамоат транспорти, йҳх, кўкаламзорлаштириш, одамлар учун шаҳар, орзудаги тошкент, пуллик тўхташ жойлари

Фото: Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати.

«Брутто-шартномаларга ўтган автобус йўналишлари ҳайдовчилари билан суҳбатлашдим. Айтишларича, улар учун режа бекор қилинмаган. Транспорт вазирлигининг менга маълум қилишича, бунинг сабаби — Солиқ қўмитасининг сусткашлиги. Автобуслар учун ажратилган йўлаклар ҳам бир қатор сабабларга кўра тузук ишлаб кетмади», — дейди у.

Журналистнинг қўшимча қилишича, Тошкент 1000 дан ортиқ катта ва ўта катта сиғимли автобуслар харид қилиб, жамоат транспортини ривожлантириш йўлида катта қадам ташлади. Бироқ, улар ҳали ҳам тирбандликда қолиб кетмоқда, йўл четида тўхтаб турган машиналар уларнинг ҳаракатланишига халал беряпти, автобус бекатига етиб бориш эса «пиёдалар учун жирканч муҳит ва машиналар қўйилган пиёдалар йўлаклари туфайли» қийинлашмоқда.

«Менинг фикримча, одамларга бахтли яшаш учун дўстона шаҳар муҳити керак: боришинг керак бўлган жойга бемалол боролсанг — хоҳ велосипедда, хоҳ автобусда, хоҳ кроссовка ё пошнали пойабзалда пиёда, хоҳ шахсий автомобилда асабийлашмай; ёки пиёдалар йўлагида бемалол юролсанг — у ернинг хавфсиз эканлиги ва фарзандинг машина ғилдираклари остида ҳалок бўлмаслигига ишончинг комил бўлганидан унинг қўлини бемалол қўйиб юбора олсанг. Бу борада Тошкент — кўчада ўзини хатар остида ҳис қиладиган бахтсиз ва асабий одамлар шаҳри», — дейди журналист.

барқарор ривожланиш, жамоат транспорти, йҳх, кўкаламзорлаштириш, одамлар учун шаҳар, орзудаги тошкент, пуллик тўхташ жойлари

Сабина Бакаева 2022 йилда пойтахтда жамоат транспортини ривожлантириш бўйича президент қарори имзоланганига эътибор қаратди. Унинг бандларидан бирида Тошкент шаҳрининг 10 та кўчасида синов тариқасида йўл четида пуллик автотураргоҳлар ташкил этиш назарда тутилган. 2022 йил декабрь ойида Тошкент шаҳар ҳокими томонидан тажриба учун танланган 10 та кўчада йўл четида пуллик автотураргоҳлар ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди, тендер ўтказилди ва ДХШ шартномаси имзоланди. Бироқ пойтахт марказидаги автотураргоҳлар ҳалигача пуллик қилинмади.

«Огоҳлантиришни истардимки, пуллик автотураргоҳларни ташкил қилиш ҳуқуқини берувчи узоқ муддатли ДХШ хато бўлиши мумкин. Агар шаҳар беш йилдан кейин йўлни торайтириш ёки кўчани пиёдалар учун мослаштириш тўғрисида қарор қабул қилса, узоқ муддатли шартномани ҳисобга олган ҳолда буни амалга ошириш қийин бўлиши мумкин, деган мулоҳаза бор. Пуллик автотураргоҳ жамоат транспортига халақит қилиши мумкин, деган мулоҳаза бор. Албатта, ҳайдовчилар тўхташ жойи учун пул тўлаш кераклигидан норози бўлади, бироқ буларнинг барчаси ҳал қилиш мумкин бўлган муаммолар. Олти йил ичида Тошкент дунёнинг энг қулай 50 та шаҳри қаторига кириши керак. Бу натижага хатоларсиз эришиш мумкин эмас. Бироқ охири йўқ ҳисоб-китоб ва қўрқув билан ривожланиш бўлмайди».

Сабина Бакаева автотураргоҳлар тарифлари ва тарифларни тўламаганлик учун жарималар дастлаб паст бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Бу қоидаларга риоя қилишга тайёр бўлган қонунга бўйсунувчи фуқароларни тўхташ жойи учун пул тўлашга одатлантириш зарурлиги билан изоҳланади.

барқарор ривожланиш, жамоат транспорти, йҳх, кўкаламзорлаштириш, одамлар учун шаҳар, орзудаги тошкент, пуллик тўхташ жойлари

Тошкент кўчалари ҳеч ким курашмаётган, ноқонуний автотураргоҳ ходимлари томонидан эгаллаб олинган.

«Аввалига одамлар қоидаларга риоя қилишни ўрганишлари лозим. Кейин жарималарни жорий қилиш мумкин бўлади. Чунки [қоидани] бузишни истамаганларни жаримага тортиш нотўғри. Одамлар автомобилни қандай қўйишни ёки қандай тўлашни билмасликлари мумкин. Уларга буни ноқонуний автотураргоҳ ходимлари ўргатиши мумкин. 10 йил олдин Москвада пуллик автотураргоҳ жорий этилганида, тўлов дастлаб соатига 80 рубль бўлган — ўша пайтда қарийб 3 доллар. Биз учун бу жуда қиммат; бошланишига арзонроқ қилиш мумкин. Кейин аста-секин жарималар ва мажбурлаш воситаларини — эвакуацияни жорий қилиш мумкин».

«Қонунчилик палатаси депутатлари бу муаммони ҳал қилишда ёрдам беришлари мумкин — дея таъкидлади журналист. — Менга Транспорт вазирлигида маълум қилишларича, йўл четида пуллик автотураргоҳлар жорий этилмаётганига сабаб — Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда пуллик автотураргоҳдан фойдаланганлик учун тўловни тўламаганлик учун жарима назарда тутилмаганлиги».

Сабина Бакаеванинг қўшимча қилишича, йўл четидаги пуллик автотураргоҳлар жорий этилиши билан бир вақтда [кўп қаватли уйлар, турар жой мавзеларининг] ҳовлилар[и]даги автотураргоҳлар муаммосини ҳам ҳал қилиш зарур, чунки автотураргоҳ учун пул тўлашни истамаган ҳайдовчилар турар жой ҳудудига кириб боради. Аҳоли бундан норози бўлади ва турар жойлардаги атроф-муҳит янада хавфлироқ бўлади.

«Шунинг учун маҳаллалар ва бошқарув компаниялари норезидентларга ўз ҳовлиларида автомобиль қўйишни тақиқлаши ёки улар учун тариф жорий этиши мумкин. Йиғилган пулни ҳовлиларни ривожлантиришга йўналтирса бўлади», — таклиф қилди журналист.

Сабина Бакаеванинг фикрича, пуллик автотураргоҳ шаҳар муҳитини дарров ўзгартиради. Агар бирор жойда тўхташ мумкин бўлмаса, ҳайдовчилар айнан қаерда эканлигини билишлари керак: пиёдалар йўлагида, дублёрларда, ҳовлиларга кириш жойида — буларнинг барчаси тушунарли бўлиши лозим ва бунинг учун атроф-муҳит дизайнини ўзгартириш талаб қилинади.

«Пуллик автотураргоҳ ташкил этилиши натижасида юзага келадиган бошқа ўзгаришлар сирасига юк машиналари каркаслари, юк ташиш транспорти учун вақтинча тушириш ва юклаш зоналарини ташкил этиш, уларнинг марказда тўхтаб туриш вақтини чеклаш кабиларни киритиш мумкин», — дейди Сабина Бакаева.

«Энг асосийси — одамлар жамоат транспортига ўтишни бошлайди, акс ҳолда улар аввалига бўш тўхташ жойини топишлари, кейин эса ўша жойда машинаси туриб туриши учун пул ҳам тўлашларига тўғри келади. Аввалига ҳайдовчилар пуллик автотураргоҳлар уларнинг ҳуқуқларини „бузяпти“ деб ҳисоблашлари мумкин. Бироқ бу бизнинг кўчага чиқишимиз билан таҳдид остида қолаётган конституциявий яшаш ҳуқуқимизни таъминлайди», — дейди журналист.

У депутатлардан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга йўл бўйида пуллик автотураргоҳларни жорий этиш ва жамоат транспортини янада ривожлантириш имконини берадиган якуний ўзгартиришни киритишни сўради.

Шаҳарни кўкаламзорлаштириш

Глобал экологик фонднинг Кичик грантлар дастури миллий координатори Алексей Волков ГЭФ КГДнинг ташаббускорлар болаларга уруғлардан дарахт етиштиришни ўргатаётган лойиҳаси ҳақида сўз юритди. Бу биология дарсларининг бир қисми ҳисобланади.

барқарор ривожланиш, жамоат транспорти, йҳх, кўкаламзорлаштириш, одамлар учун шаҳар, орзудаги тошкент, пуллик тўхташ жойлари

Фото: Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати.

Лойиҳа Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги 10 та умумтаълим мактабида амалга оширилмоқда. Баҳорда мактабларга туташ ҳудудларга кўчатлар экилиши кутилмоқда. Лойиҳа якунида кураторлар томонидан Ўзбекистондаги барча мактаблар фойдаланиши мумкин бўлган қўлланма ишлаб чиқилади.

Алексей Волков ҳар бир дарахтнинг қийматини пул кўринишида ҳисоблаш мумкинлигини таъкидлади. Дарахтлар ҳавони тозалайди, агар улар бўлмаса, уни ўпкаларимиз фильтрлашига тўғри келади. Шундай қилиб, яшил қопламнинг қиймати соғлиқни сақлаш тизимини қўллаб-қувватлаш учун давлат харажатлари ва меҳнатга лаёқатли фуқаро ёмон экология оқибатлари туфайли эрта вафот этган тақдирда келиб чиқадиган иқтисодий йўқотишлардан келиб чиқиб ҳисобланади.

Алексей Волковнинг сўзларига кўра, шаҳар атроф-муҳитини ривожлантиришга қаратилган давлат дастурларининг камчилиги шундаки, уларнинг иқтисодий ва ижтимоий таъсири юзасидан тегишли таҳлиллар ўтказилмайди. У парламентга ҳар қандай лойиҳани ижтимоий-иқтисодий ва экологик жиҳатдан асослаш зарурлигини назарда тутувчи қонун қабул қилишни таклиф этди.

«Газета.uz» ўқувчилар қўли билан шаҳарларни кўкаламзорлаштириш билан боғлиқ ГЭФ КГД лойиҳаси ҳақида батафсил материал тайёрламоқда.

Йиғилиш раислари — Экологик партиядан сайланган депутат, Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси раиси Хайрилло Гаппаров, Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Ботир Матмуратов маърузачиларнинг таклифлари ўрганилиб, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш чоралари кўрилишини маълум қилди.