Тошкент шаҳрида кўп қаватли автотураргоҳлар қурилиб, улар тайёр бизнес сифатида тадбиркорлик субъектларига берилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 16 февралдаги «Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида келтирилган.

Бунда Тошкент шаҳрида махсус давлат муассасаси ташкил этилиб, унга ер участкалари тўғридан-тўғри ажратилиши кўзда тутилган. Сўнгра автотураргоҳлар профилини ўзгартирмаслик шарти билан тадбиркорларга берилади.

Автотураргоҳларни ўз таннархининг 10 фоиз миқдорида бошланғич қийматида электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш имконияти тақдим этилади.

Мазкур жойлар қурилишини молиялаштириш республика ва маҳаллий бюджет даромадларининг режадан орттириб бажарилган қисмидан тенг улушларда амалга оширилади. Биринчи босқичда транспорт воситалари оқими тўпланувчи камида 4 та манзил танлаб олинади.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Транспорт вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 1 ой муддатда қурилиш тартибини тасдиқлаш учун лойиҳани Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Эслатиб ўтамиз, пойтахтдаги гаражлар ўрнида икки, уч ва олти қаватли автотураргоҳлар қуриш режаси 2017 йилда илгари сурилганди. Ўшанда Тошкент ҳокими Раҳмонбек Усмоновнинг 1 июндаги қарори билан биринчи қаватида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси бўлган кўп қаватли автотураргоҳлар қурилиши маъқулланган.

Бир йил аввал, 2016 йилнинг март ойида аэропорт, Шимолий вокзал ва бошқа жойлар яқинида кўп қаватли автотураргоҳлар қуриш режалари эълон қилинган эди.

Аммо бу режалар амалга оширилмаган ва кўп қаватли автотураргоҳлар қуриш режалаштирилган баъзи жойларда бошқа объектлар, масалан, турар жой мажмуалари пайдо бўлган.

Аввалроқ Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Тошкент транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси директори Мурод Обидов «Газета.uz»га берган интервьюсида пойтахтда жамоат транспортини ривожлантириш учун шарт-шароит яратиш режалаштирилаётганини маълум қилганди.

Унинг сўзларига кўра, Тошкентда автотураргоҳларни кенгайтириш учун ер йўқ, уларда автомобилларни эрталабдан кечгача сақлаб туриш эса ер ресурсларидан фойдаланишнинг энг самарасиз усули ҳисобланади.