Ўзбекистон Марказий банки 1 апрелдан бошлаб устав капиталини минимал миқдор даражасига етказмаган 4 та банкнинг автив ва пассив (кредит) операцияларини чеклади, дея хабар бермоқда Spot регулятор матбуот хизматига таяниб.

1 апрелдан банкларга устав капитали бўйича қўйилган минимал талаб 350 млрд сўмгача ошган ва бу 4 та банкнинг устав капитали миқдори мазкур кўрсаткичдан паст ҳисобланади. Регулятор банклар номини уларнинг «репутацияси билан боғлиқ рисклар» туфайли очиқламаган.

Марказий банкнинг Банк назорат қўмитаси қоидаларга амал қилмаган банкларга апрелдан бошлаб кредитлар бериш ва депозитлар қабул қилишни тақиқловчи буйруқ чиқарган.

2023 йилнинг апрель ойида Шавкат Мирзиёев банклар устав капиталининг минимал миқдорини ошириш бўйича қонунни имзолаганди.

Унга кўра, банк устав капиталининг энг кам миқдори:

  • 2023 йил 1 сентябргача 100 млрд сўмни;
  • 2023 йил 1 сентябрдан 200 млрд сўмни;
  • 2024 йил 1 апрелдан 350 млрд сўмни;
  • 2025 йил 1 январдан 500 млрд сўмни ташкил этади.

1 апрель ҳолатига кўра, устав капитали 350 млрд сўмдан камроқни ташкил этувчи банклар 6 та бўлиб, улар «Пойтахт банк» (164 млрд сўм), «Гарант банк» (286 млрд сўм), Apex Bank (329 млрд сўм), Hayot Bank (171 млрд сўм), Madad Invest Bank (243 млрд сўм) ва «Янги банк» (195 млрд сўм) ҳисобланади. 2023 йил октябрь ойида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов устав капитали минимал талабга жавоб бермайдиган «Пойтахт банк» сотувга қўйилгани учун унга нисбатан санкциялар қўлланмаётганини айтганди.